Зеленский Трампнинг одами билан учрашди
Олам
−
15 Декабрь 2000 2 дақиқа
Германиянинг Берлин шаҳрида Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда Трампнинг куёви Жаред Кушнер билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда кеча, 14 декабрь куни Украина етакчисининг ўзи ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
Украина Президенти маслаҳатчиси Дмитрий Литвиннинг айтишича, музокаралар беш соатдан ортиқ давом этган ва бугун, 15 декабрь куни ҳам давом эттирилади.
Учрашувнинг асосий мавзуси – АҚШнинг тинчлик режаси бўлган. Ғарб ОАВлари хабарларига кўра, томонлар Киевнинг Вашингтон таклифларига жавобини муҳокама қилмоқда. Хусусан, “The New York Times” газетаси ёзишича, Киев ўз жавобида Украина мамлакат шарқидаги, ҳозирда Украина Қуролли кучлари назорати остида бўлган ҳудудлар устидан бошқарувни сақлаб қолиши лозимлигини билдирган.
Музокараларда Украина томонидан Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умаров ҳам иштирок этган.
Учрашувда Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам қатнашган. Немис нашрларининг ёзишича, у қисқа саломлашувдан сўнг музокараларни тарк этган. Вазирлар маҳкамаси йиғилишлар зали бўлиб хизмат қилаётган хонада модератор сифатида Мерцнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Гюнтер Заутер қолган.
Учрашувдан сўнг Стив Уиткофф музокараларда “катта силжиш”га эришилганини маълум қилган.
“Томонлар вакиллари 20 банддан иборат тинчлик режаси, иқтисодий масалалар ва бошқа мавзулар бўйича чуқур муҳокамалар олиб борди. Катта тараққиётга эришилди ва улар эртага тонгда яна учрашади”, дея ёзган Уиткофф.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Axios” нашри АҚШ маъмурияти Украинага Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддаси асосида хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга тайёр экани ҳақида хабар берганди.
Live
Барчаси