Зеленский Россияга қарши қанча украиналик аскар жанг қилаётганини айтди

Олам

image

Россия-Украина урушига 700 минг украиналик аскар жалб қилинган, улар бутун мамлакат бўйлаб жойлаштирилган. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский “Украина 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

“Бугун 700 000 нафар жангчининг меҳнати натижасини кўриш мумкин. 700 минг. Бу уруш пайти. Улар бутун мамлакат бўйлаб жойлаштирилган”, дейди у.

Зеленский Украинага аввалги 250-260 минг кишилик армиядан анча катта қўшин кераклигига ишонч билдирган. Шу сабабдан у февраль ойи бошида Украина Қуролли Кучлари сонини уч йил ичида 100 минг кишига оширишни назарда тутувчи фармонни имзолаган.

Украина Президентининг таъкидлашича, жанговар ҳаракатлар бошланишидан аввал Россия кучлари Қрим, Беларусь ва бошқа ҳудудларга қўшинларини ўтказган ва бугунги кунда Европанинг ҳеч бир давлати бундай ҳажмга дош бера олмайди. Россия Украинадаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган аскарлари сонини айтмади.

“Россия ва Украина кучлари ўртасидаги жанговар ҳаракатлар дипломатия йўли билан тўхтатилишига ишонаман”, дея қўшимча қилган Зеленский.

Унинг фикрича, “ғалаба жуда оғир, қонли бўлади, албатта жангда бўлади, лекин охири барибир дипломатияда бўлади”. 

“Баъзи нарсалар борки, уларни фақат мулоқот орқали ҳал қилиш мумкин, чунки Киев ҳамма нарсани қайтаришни хоҳлайди ва Москва ҳамма нарсани бермасликни хоҳлайди”, дея таъкидлади Зеленский

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

25

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг