Зеленский Россия Украинанинг қанча майдонини эгаллаб олганини очиқлади
Олам
−
02 Июнь 2022
17900Россия қўшинлари ҳозирда Украина ҳудудининг деярли 20 фоизини назорат қилмоқда, аммо кенг кўламли босқин бошланганидан бери Украина мудофаа кучлари 1017 та аҳоли пунктини озод қилди. Бу ҳақда Президент Владимир Зеленский Люксембург сиёсатчилари ва халқига мурожаатида маълум қилди, деб ёзади “Укринформ”.
“Россия қўшинлари Украинадаги 3620 та аҳоли пунктига кирди. Улардан 1017 таси озод қилинган, яна 2603 таси озод этилиши керак. Бугунги кунга келиб, бизнинг ҳудудимизнинг қарийб 20 фоизи босқинчилар назорати остида, деярли 125 минг квадрат километр – бу Бенилюкснинг барча мамлакатлари умумий майдонидан анча кўп”, дейди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, у саккиз йил олдин Россия Украинага қарши уруш бошлаганини ва 2014 йилдан жорий йилнинг 24 февралига қадар босқинчилик ҳаракатлари натижасида деярли 43 минг квадрат километр ҳудудни назорат қилганини эслатди. Булар – Қрим ва Донецк ва Луганск вилоятларининг учдан бир қисми.
Шунингдек, Президентнинг маълум қилишича, бугунги кунда 300 минг квадрат километр Украина ҳудуди портламаган миналар ва снарядлар билан тўлиб-тошган.
Зеленскийнинг қўшимча қилишича, 12 миллион украиналик ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган, 5 миллиондан ортиқ киши, жумладан, асосан аёллар ва болалар чет элга кетган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15