Зеленский Россия қуроллари дастидан Жонсонга арз қилди

Олам

image

Россия ракета зарбаларининг аксарияти рус армияси томонидан оддий одамларга, фуқаролик инфратузилмаси – турар-жой бинолари, мактаблар, шифохоналар, университетлар, транспортга қаратилган. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон билан учрашувда сўз очди. 

Маълумки, кеча, 17 июнь куни Буюк Британия Бош вазири Жонсон Украинага нисбатан Россиянинг ҳарбий ҳаракатлари бошланган февраль ойидан буён Киевга иккинчи бор ташриф буюрди. Бу учун Зеленский Жонсонга миннатдорлик билдирган. 

Украина Президентининг сўзларига кўра, музокаралар имкон қадар мазмунли бўлиб, муҳим тафсилотлар билан тўлдирилган. Асосий масалалар қаторида икки томонлама муносабатлар, Европа ва дунёдаги умумий вазият бор. 

“Аввало  бу икки муҳим нарса – мудофаа ва хавфсизлик. Биз фронт чизиғимиздаги, шарқимиздаги, давлатимиз жанубидаги ҳозирги вазиятни, Украинани рус босқинчиларидан ҳимоя қилиш имкониятларини батафсил муҳокама қилдик. Ғалаба сари қандай ҳаракат қилиш ҳақида умумий фикр мавжуд. Чунки бу Украинага керак бўлган натижа – давлатимизнинг ғалабаси”, дейди Президент. 

Владимир Зеленский Буюк Британия бош вазирига Украинанинг қуролга бўлган эҳтиёжини тушунгани учун миннатдорлик билдирган. 

“Хусусан, оғир қуроллар етказиб беришни кўпайтириш зарурлиги ҳақида сўз юритилди. Бугунги кунда асосий нарса Украина учун ҳаво мудофаасини таъминлашдир. Биз шу йўналишда ҳаракат қила бошладик. Россия ракеталари халқимиз учун, бутун Украина ҳудуди учун таҳдид бўлиб қолмоқда. Россия ракета зарбаларининг аксарияти рус армияси томонидан оддий одамларга, фуқаролик инфратузилмаси – турар-жой бинолари, мактаблар, шифохоналар, университетлар, транспортга қаратилган. Шубҳасиз, бу барчамиз, ҳамкорларимиз учун Россия ракеталаридан ҳимояланишга ёрдам бериш учун энг устувор вазифалардан бири бўлиши керак. Бу бизнинг ҳудудимизнинг аксарият қисмидаги одамларнинг ҳаётини кафолатлайди”, дейди давлат раҳбари. 

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, музокаралар чоғида томонлар Буюк Британия Украина манфаатларини илгари сурган Рамштейн форматидаги учинчи учрашув натижаларига тўхталиб ўтган. Қолаверса, Украинанинг молиявий ва иқтисодий ёрдамга муҳтожлигини муҳокама қилдилар. 

Ўз навбатида, Борис Жонсон Буюк Британия Украинани стратегик чидамлилик билан таъминлашни исташини, бу эса мамлакатни қўллаб-қувватлаш бўйича глобал дипломатик коалицияни кучайтиришини таъкидлади. 

Жонсон Буюк Британия Украинани қурол-яроғ билан таъминлашда давом этишга, ҳарбийларни улардан фойдаланиш бўйича ўқитишни ташкил этишга тайёрлигига ишонтирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Зеленский Борис Жонсон Россия-Украина уруши Россияга босқин

Баҳолаганлар

278

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг