Зеленский Россия билан музокара бошлаш учун қийин шарт қўйди

Олам

image

Россия Қуролли Кучлари Украинадан чиқарилмаса, тинчлик музокараларини бошлаш мумкин эмас. Украина Президенти Владимир Зеленский Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан ўтказилган уч томонлама Матбуот анжуманида айтиб ўтди.

“Жаноб Гутерриш ва жаноб Президент Эрдўғанга Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаганликлари учун алоҳида миннатдорлик билдираман”, деган Украина Президенти.

Зеленский Россияни ўз мамлакатига қарши тажовузкорликда айблаб, Эрдўған ва Гутерришнинг Украинада бўлиши халқаро ҳуқуқни тиклаш нуқтаи назаридан муҳим эканини таъкидлаган.

Уч томонлама учрашувда Украинадан ғалла экспорти масаласи муҳокама қилинган. Зеленский “Ғалла йўлаги ҳақидаги келишув глобал озиқ-овқат инқирозининг олдини олиш нуқтаи назаридан жуда муҳим” эканини урғулаган.

Зеленскийнинг айтишича, учрашув чоғида томонлар Запорожье АЭС билан боғлиқ сўнгги ўзгаришларни баҳолаб, Россияни мазкур станцияга қарши шантаж уюштирганликда айблаган. У шунингдек, ядро хавфсизлиги бутун дунё учун жуда муҳим эканини қайд этган.

“Россия ҳеч қандай шартларсиз Запорожье атом электр станциясидан қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетиши керак. Шу билан бирга, барча ҳужум ва провокацияларга чек қўйиши керак”, деган Украина Президенти.

Зеленский Президент Эрдўған билан Туркия ва Украина ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини батафсил муҳокама қилганини қўшимча қилди. Украина Президенти урушдан кейин Украинани тиклаш режалари ҳақида гапирди. Шу нуқтаи назардан, у Харьков ва Харьков вилоятини қайта тиклашни зиммасига олган Туркияга алоҳида миннатдорлик билдирди.

Президент Владимир Зеленский Россия Федерациясига ишониб бўлмаслигини, шунинг учун расмий Москва билан музокаралар фақат рус қўшинлари Украинанинг барча босиб олинган ҳудудларидан олиб чиқиб кетилгандан кейингина олиб борилиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

182

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг