Зеленский рафиқаси билан Канадага борди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский рафиқаси Елена Зеленская билан Канадага борди. Бу ҳақда Украинанинг UNIAN агентлиги хабар берди.

Агентликнинг видеосида Украина раҳбари ва унинг рафиқасини аэропортда Канада Бош вазири Жастин Трюдо кутиб олаётганини кўриш мумкин. 

Бундан олдин Канада Бош вазири Украина раҳбарининг мамлакатга бўлажак ташрифини эълон қилган.  Трюдо Зеленский билан учрашиб, Канаданинг Украинани ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда қўллаб-қувватлаши масаласида гаплашиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Оттавада Канада ва Украина ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган келишувни имзолаш маросими бўлиб ўтади. Зеленский Канада пойтахтидаги сафари давомида парламентда нутқ сўзлайди.

Сентябрь ойи бошида Канаданинг Киевдаги элчиси Наталка Цмок унинг ҳукумати Украинадаги коррупцияга қарши лойиҳаларда иштирокини фаоллаштириш ниятида эканини билдирган. Дипломатнинг сўзларига кўра, Оттава украиналик судьялар ва аудиторларни тайёрлаши мумкин. Цмокнинг қайд этишича, украиналиклар коррупцияга қарши ислоҳотларни ўта муҳим деб тан олади ва бу Европа Иттифоқига қўшилиш шартларидан бири эканини яхши тушунади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 сентябрь куни Зеленский АҚШга етиб келганди. У БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида иштирок этди ва ташкилот Бош Ассамблеяси доирасида бир неча учрашувлар ўтказди. Украина Президенти Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен, Германия канцлери Олаф Шольц, Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва ва бошқа сиёсатчилар билан музокаралар ўтказган. Шунингдек, у Оқ уйда Президент Байден билан ҳам учрашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Зеленский Канада

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг