Зеленский Оқ уйда. Бу сафар унга нималар ваъда қилинди?
Олам
−
22 Сентябрь 2023
7251Кеча, 21 сентябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский Оқ уйда америкалик мавқедоши Жо Байден билан учрашди. Бу ҳақда Украинанинг “Страна” нашри хабар берди.
Украина Президентига рафиқаси Елена Зеленская ҳамроҳлик қилган. Саломлашишдан сўнг сиёсатчилар ва уларнинг турмуш ўртоқлари суратга тушган.
Сўнгра етакчиларнинг музокаралари бошланган. Байден ва Зеленский Украинанинг энергетика ва иқтисодиёт тармоқларини тиклаш, коррупцияга қарши кураш, шунингдек, икки давлатнинг ҳарбий-саноат комплекслари ўртасидаги ҳамкорлик масаласини муҳокама қилган.
“Американинг биринчи Abrams танклари кейинги ҳафта Украинага етказилади”, деган Байден.
Украинанинг ҳаво мудофаасини кучайтиришга эътибор қаратган Байден, Украинага қўшимча жиҳозлар етказиб берилишини қайд этди.
Бундан ташқари АҚШ Президенти Киевни қўллаб-қувватлашда давом этишни ваъда қилган.
Украина Президенти АҚШга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдириб, учрашув самарали ўтганини қайд этди.
Учрашувдан сўнг, Зеленский Украинанинг мудофаа қобилиятини ошириш, қишда ҳаво мудофаасини кучайтириш ва дон экспорти каби мавзуларда муайян қадамлар ҳақида келишиб олганини айтган. Унинг қўшимча қилишича, томонлар тинчлик формуласи устида ишлашда давом этади.
Вашингтон маъмуриятининг билдиришича, Қўшма Штатлар узоқ муддатда Украинанинг мудофаа қобилиятини мамлакатнинг ҳарбий-саноат базаси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали мустаҳкамлаш ниятида. Шу мақсадда Америка ҳукумати кузда конференция ўтказади, унинг иштирокчилари бўлмиш АҚШ ҳарбий саноати вакиллари, украиналик тадбиркорлар ва икки давлат расмийлари “қўшма корхоналар ва қўшма корхоналар яратиш имкониятларини кўриб чиқади.
Шундан сўнг, Зеленский Вашингтонда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти (республикачи), Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер ва Конгресс юқори палатасидаги республикачилар етакчиси Митч МакКоннелл билан учрашган. Зеленский Пентагон раҳбари Ллойд Остин билан ҳам суҳбатлашган. Музокараларнинг асосий мавзуси Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилиши бўлган.
“Reuters” агентлиги исмини ошкор этмаган америкалик мулозимга таяниб хабар беришича, Байден Украинага 325 миллион долларлик янги ёрдам пакетини эълон қилишни режалаштирмоқда. Россия ҳарбий амалиёти бошланган 2022 йил февралидан бери Қўшма Штатлар Киевга деярли 113 миллиард долларлик ҳарбий ва гуманитар ёрдам жўнатган. Пентагоннинг август охиридаги маълумотларига кўра, Вашингтон жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери Киевга 43,7 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам кўрсатган.
Шундан сўнг, Украина Президенти ўзининг видеомурожаатини ҳам эълон қилган. Унинг айтишича, Украина ва Қўшма Штатлар ҳамкорликда мудофаа экотизимини яратади, унинг доирасида зарур қуролларни ишлаб чиқаради.
“Биз АҚШ билан биргаликда Украинага зарур қуролларни ишлаб чиқарамиз. АҚШ билан ҳамкорликда янги мудофаа экотизимини яратишга, қурол ишлаб чиқаришга, эркинликни мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилишга тайёрланяпмиз”, деган у.
Зеленский тизимда янги саноат базаси ва янги иш ўринлари пайдо бўлишини қўшимча қилган.
Маълумот учун, Зеленский АҚШга 18 сентябрь куни етиб келди. У БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида иштирок этди ва ташкилот Бош Ассамблеяси доирасида бир неча учрашувлар ўтказди. Украина Президенти Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен, Германия канцлери Олаф Шольц, Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва ва бошқа сиёсатчилар билан музокаралар ўтказган.
LiveБарчаси