Украина Адыгеядаги Ozon логистика марказига зарба берди
Олам
−
08:13 583 1 дақиқа
Украина кеча, 4 ноябрь куни Россиянинг Адыгея Республикасидаги Ozon интернет-дўконига тегишли логистика марказига зарба берди. Ҳужум Адыгейск шаҳрида содир бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Адыгея Республикаси раҳбари Мурат Кумпилов ёнғинни ўчириш учун воқеа жойига ўт ўчирувчилар юборилганини маълум қилган. Шунингдек, дрон қолдиқлари яқин атрофдаги иккита қишлоққа тушиб, зарар етказган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Ozon компанияси ҳужум вақтида логистика марказидаги барча ходимлар эвакуация қилинганини, қурбонлар ҳақида маълумот йўқлигини билдирган. Маълум қилинишича, компания бошқа марказлар орқали етказиб бериш имкони бўлмаган буюртмаларни бекор қилади. Шунингдек, ҳужумга учраган марказда сотувчилардан маҳсулотларни қабул қилиш вақтинча тўхтатилган.
Бу Ozon’нинг Адыгейскдаги логистика марказига иккинчи ҳужум бўлди. Украина июль ойидан буён Россиянинг Ozon ва унинг рақобатчиси Wildberries компанияларига тегишли ўнлаб йирик омборларига зарба бериб келмоқда.
Ozon ўтган ҳафта эълон қилган молиявий ҳисоботида дрон ҳужумлари оқибатида 11 та объектида жами 30,1 миллиард рубль (367 миллион доллар) зарар кўриши кутилаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 октябрь куни Украина Россиянинг 2500 километр ичкарисида жойлашган Ozon омборига зарба берганди.