Зеленский қанча ҳудуд руслардан озод қилинганини айтди
Олам
−
21 Апрель 2022
12000Украина Президенти Владимир Зеленский ҳозиргача Украинанинг 934 та аҳоли пункти рус ҳарбийларидан озод қилинганини айтди. Бу ҳақда у видеомурожаатида маълум қилди.
“Украинанинг озод қилинган шаҳар ва жамоаларининг нормал ҳаётга қайтиши давом этмоқда. 934 та аҳоли пункти аллақачон озод қилинган”, деган Президент.
Унинг сўзларига кўра, 435 та аҳоли пунктида полиция қайтадан иш бошлаган, 431 та ҳудудда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари иш бошлаган, 361 аҳоли пунктида гуманитар штаблар фаолияти йўлга қўйилган.
“Биз одамларнинг тиббий ва таълим хизматларидан, ижтимоий ҳимоя органларидан фойдаланиш имкониятини босқичма-босқич тиклаяпмиз. Йўл алоқаси, электр, газ ва сув таъминотини тиклаяпмиз”, деган Зеленский.
Унинг таъкидлашича, энг катта таҳдидлар қаторида босқинчилар томонидан ўрнатилган миналар ҳамда портламай қолган снарядлар бор.
“Уларнинг барчасини зарарсизлантириш учун кўп вақт ва куч сарфланади, бу муҳим вазифани бажараётган барча мутахассислардан, барча қутқарувчилардан чексиз миннатдорман”, дея қўшимча қилган давлат раҳбари.
Президент озод қилинган ҳудудларга қайтаётган фуқароларни ўта эҳтиёткор бўлишга чақирган:
“Ҳали текширилмаган ҳудудга кирманг, ўрмонларга кирманг, хавфли объектларга тегманг ва бу ҳақда зудлик билан қутқарувчиларга хабар беринг”.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси