Зеленский қанча ҳудуд руслардан қайтиб олинганини айтди

Олам 5954
image

Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат Қуролли Кучлари томонидан давлат ҳудудининг 6 минг квадрат километри босқинчилардан озод қилингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Бу ҳақда у урушнинг 201-кунининг якунида ўзининг видеомурожаатида маълум қилди.

“Сентябрь ойининг биринчи кунларидан ҳозиргача аскарларимиз Украинанинг шарқий ва жанубидаги 6000 квадрат километрдан ортиқ ҳудудни озод қилишди. Қўшинларимиз ҳаракати давом этмоқда. Шарқдаги оғир жанглардан қутулиб, жануб йўналишида жуда дадил, ўта ишонч билан олға интилаётган 57-алоҳида мотоўқчиш бригадасига миннатдорлик билдираман. 59-алоҳида моторли пиёдалар бригадасига ҳудуднинг ўзига хос очиқ майдон эканига қарамай, босқинчиларнинг артиллериясига қарамай, қатъият билан олдинга силжиётгани учун раҳмат. 128-алоҳида тоғли ҳужум бригадаси аскарларига бир нечта аҳоли пунктларини озод қилиш ва душман фаолиятини зарарсизлантириш бўйича жуда самарали ҳаракатлар учун раҳмат. Йигитлар, сизлар ҳақиқий қаҳрамонсизлар!” дейди Зеленский.

Шунингдек, у зенитчиларга ҳам миннатдорлик билдирган.

“Кеча биз барчамиз Россия зарбаларининг оқибатларини кўрдик. Аммо айни пайтда террорчиларнинг аксар ракеталари уриб туширилган. 12 та ракетадан 9 таси уриб туширилган. “Шарқ” ҳаво қўмондонлигининг 138-Днепр зенит-ракета бригадаси аскарлари томонидан 7 та ракета ва “Марказ” ҳаво қўмондонлигининг 96-Киев зенит-ракета бригадасининг осмон ҳимоячилари томонидан 2 та ракета уриб туширилди. Раҳмат, бизнинг ҳимоячиларимиз!”, дейди Зеленский.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 3.1
t
×