Зеленский G20 саммитига таклиф қилинди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский жорий йилнинг кузида Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф қилинди. Бу ҳақда унинг ўзи Twitter'даги саҳифасида хабар берди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, у 27 апрель куни Индонезия раҳбари билан бу борада музокаралар ўтказган.

“Индонезия Президенти Жоко Видодо билан музокаралар бўлди. Катта йигирматалик саммитида иштирок этиш таклифи учун миннатдорман”, дейди у.

Украина раҳбари учрашувда иштирок этиш учун қандай мақомда ва қандай шаклда таклиф қилинганига аниқлик киритмаган.

Зеленский, шунингдек, Индонезия Президенти билан озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилган. Унга Украина суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган.

“Bloomberg” нашрига кўра, Америка Қўшма Штатлари Индонезиянинг G20 раислигидан Украинани ноябрдаги саммитга кузатувчи сифатида таклиф қилишни сўраган. Бироқ, қоида тариқасида улар расмий муҳокамаларда қатнашмайди.

Аввалроқ, нашр АҚШ Индонезия раҳбариятига Россия Президенти Владимир Путиннинг саммитда иштирок этишига йўл қўймаслик учун босим ўтказгани ҳақида хабар берган эди. Россия етакчисининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Россия Президентининг Балидаги G20 саммитига сафари ҳақидаги қарор ҳали қабул қилинмаганини айтди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

6

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг