Зеленский “Азовсталь”даги асир олинган ҳарбийлар бўйича Россияга таклиф билдирди

Олам

image

Украина Россия назоратидаги Мариуполдаги “Азовсталь” заводидан олиб чиқилган украиналик ҳарбийларни россиялик ҳарбий асирларга алмаштиришга тайёр. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский телеканаллардан бирининг эфирида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, “Азовсталь” металлургия заводида тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчиларни қутқариш бўйича ҳамкор давлатлар билан музокаралар давом этмоқда. Ушбу ташаббуслар доирасида Туркия, Швейцария, Исроил ва Франция раҳбарлари билан музокаралар ўтказилган. 

Президент Украина ҳарбийлари “Азовсталь”дан олиб чиқиб кетилганидан кейин Киев россиялик ҳарбий асирларга алмаштирилишини кутганини ва бунга тайёр эканлигини айтган.

“Биз уларни уйга олиб келамиз. Масъулиятни ўз зиммасига олган ҳамкорлар билан шундай қилишимиз керак”, дейди Зеленский.

Шу билан бирга, Президент Киев можарога барҳам бериш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини таъкидлаб, Украинада урушни Россия бошлаганига эътибор қаратган. 

"Уруш оғир, ғалаба ҳам жуда оғир бўлади, гўё жангда бўлгани каби қонли бўлади, аммо охири, албатта, дипломатик тарзда якунланади", дейди Зеленский.

Украина учун хавфсизлик кафолатлари мавзусига тўхталар экан, давлат раҳбари айни дамда Киев ишонган ҳамкор давлатлардан хавфсизлик кафиллари доирасини шакллантиришга ҳаракат қилинаётганини айтган. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 май куни Россия “Азовсталь” заводи ҳудуди бутунлай рус қўшинлари назоратига ўтганини эълон қилди. Россия Мудофаа вазирлиги 20 май кун давомида аводда бўлган 531 кишидан иборат сўнгги гуруҳ таслим бўлгани, жами эса 2439 киши қуролини ташлаганини маълум қилди. 

Маълумот ўрнида, “Азовсталь” заводида назоратни ушлаб турган украин ҳарбийлари 16 май куни таслим бўлишни бошлади. Ўша вақтга қадар, бир ярим ойдан кўпроқ вақт давомида завод Мариуполдаги рус қўшинларига қаршилик кўрсатадиган ягона объект бўлиб турди.

Ҳарбийларнинг ўзлари, таслим бўлиш бошланишидан олдин, қўмондонлик буйруғига риоя қилаётганини таъкидлади. Украина ҳукумати “эвакуация операцияси”га ишора қилиб, “таслим бўлиш” иборасидан қочди ва “Азовсталь” ҳарбийлари асирга олинган русларга алмаштирилишини айтди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг