Зарбдорга янги ҳоким тайинланди
Жамият
−
17 Январь
6333Бугун, 17 январь куни Жиззах вилояти Зарбдор туманида бўлиб ўтган Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Бекзод Турғунович Тошпўлатов Зарбдор тумани ҳокими лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сессияда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев иштирок этган. У Зарбдор тумани ҳокими лавозимига тавсия этилган номзод Жиззах вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Турғунович Тошпўлатовни таништирган.
Вилоят ҳокимининг Бекзод Тошпўлатовни Зарбдор тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарори депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқланган.
Маълумот учун, Бекзод Тошпўлатов 1983 йилда Жиззах вилоятида туғилган. Маълумоти олий. 2004 йилда Тошкент солиқ коллежини, 2008 йилда Солиқ академиясини солиқлар ва солиққа тортиш мутахассислиги бўйича тамомлаган. Тошпўлатов солиқ хизмати органларидаги меҳнат фаолиятини 2008 йилда Тошкент вилояти Бўка тумани давлат солиқ инспекцияси хавфсизлик ва солиқ органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича тезкор ходими лавозимидан бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 28 декабрь кунида Зарбдор тумани ҳокими Зафар Шаропович Рузиев вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари - қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган эди.