Зангиота туманига янги ҳоким тайинланди
Жамият
−
07 Август 2023
13108Эркин Эркамович Рустамов Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокими лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 7 август куни Халқ депутатлари Зангиота тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Йиғилишда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тавсия қилинган номзод Эркин Эркамович Рустамовни Зангиота тумани ҳокими лавозимига тайинлаган.
Бугун президентнинг тегишли қарори асосида Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлигидан кетган Эркин Рустамов эндиликда жорий йилнинг 2 август куни ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган Абдуваҳоб Тамиқаевнинг ўрнини эгаллаган.
“Собиқ ҳоким Абдуваҳоб Тамиқаев тажрибали ҳоким эди. У киши билан турли йилларда ёнма-ён ишладик. Бироқ, туманнинг иқтисодиётини орқага кетишида туман фаолларининг роли катта деб ўйлайман. Бирикмаслик, бир ёқадан бош чиқармаслик ёмон одат. Рақамлар ортида инсон ҳаёти турганини унутишга ҳаққимиз йўқ”, дейди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.
Маълумот учун, Рустамов 2020 йилнинг декабридан 2022 йилнинг 27 сентябригача Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, банк-молия тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибияти мудирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 27 сентябрда эса Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. У жорий йилнинг февраль ойидан бугунга қадар Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳри ва Бекобод туманига ҳамда, Сирдарё вилоятининг Ховос, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманига ҳам янги ҳокимлар тайинланганди.