Тошкентдаги “лойли қор”, “замдекан” можароси ортидан “учган” ректор, ХТВдан кетаётган Шерматов... 17 ноябрь дайжести
Жамият
−
17 Ноябрь 2021
9461Жамият
Пенсия расмийлаштириш тартиби ўзгармоқда
Молия вазирлиги томонидан “Пенсия ишларини расмийлаштириш ва юритиш тартиби ҳамда пенсия ҳужжатларининг шакллари ва уларни тўлдириш қоидалари тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги буйруқ лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Хусусан, пенсия йиғмажилди, пенсия ва бошқа тўловларни тайинлашга тааллуқли ҳужжатларни расмийлаштириш, шунингдек аризаларни рўйхатга олиш учун Пенсия жамғармаси бўлими томонидан рўйхатга олиш китоблари ахборот тизимида электрон шаклда юритилади (пенсионерларга берилган гувоҳномаларни рўйхатга олиш китоби бундан мустасно).
СМРМ ходимлари маоши икки баравар оширилади
Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳаларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Қарорда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази ходимларининг ойлик маошларини 2 баробарга ошириш режалаштирилган.
Унга кўра, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази ҳодимларининг ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш тариф коэффициентлари 2 баравар миқдорида қўлланади.
Пўлат Бобожоновга раҳбарлари устидан арз қилган наманганлик “участковый”га жиноят иши қўзғатилди
Ижтимоий тармоқда Наманган шаҳридаги 2-сонли ИИЎ ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори, катта лейтенант Сардорбек Отабоевнинг Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга мурожаати тарқалганди. Унда Сардорбек Отабоев ўзи ишлаётган идорада раҳбарларнинг қонунга зид кўрсатмаларига қарши чиққан, ҳуқуқини талаб қилган ходимлар ҳақоратланган ва уларга турли йўллар билан босим қилингани ҳақида арз қилган.
Шундан сўнг, вилоят ИИБ ҳолат бўйича муносабат билдирди. Унга кўра, 2021 йил cентябрь ойида фуқаро М.Ю.нинг катта лейтенант С.О.нинг устидан арз қилиб, ёзган аризасига асосан ўтказилган текширувда, катта лейтенант С.О. 46, 27 ва 39 ёшлардаги уч нафар фуқаронинг номига сохта маълумотлар киритиб, “Халқ банки”дан 81 млн 400 минг сўм кредит олиб, ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.
Автомобилларни ижарага бериш тартибига ўзгартириш киритилди
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Киритилган қўшимчаларга кўра, эндиликда юридик шахслар ҳам автомобилларни қисқа муддатга ижарага олиши мумкин. (илгари фақат жисмоний шахслар назарда тутилган)
Шерзод Шерматов собиқ иш жойига қайтади
Амалдаги Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов фаолиятини Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида давом эттиради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевнинг маълум қилишича, қуйи палатанинг бугун,17 ноябрь куни ўтказилган ялпи мажлисида Шерматов номзоди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига тасдиқланган.
Ўзингдан чиққан балога... Наманганда 7-синф ўқувчиси уйидан 65 минг доллар “ухлатди”
Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида мактаб ўқувчиси ўз уйидан 65 минг АҚШ долларини ўмарди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 13 ноябрь куни, Янгиқўрғон туманида яшовчи, 1954 йилда туғилган фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, шу йил август ойидан ноябрь ойигача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс, яшаш уйи ётоқхонасидаги сандиқда бўлган 65 000 АҚШ долларини ўғирлаб кетганини маълум қилиб, чора кўришни сўраган.
“Замдекан” ва талаба можароси ортидан Педагогика университети ректори ўзгарди
Факультет декани ўринбосари талаба қизга тегажоғлик қилгани айтилган Тошкент давлат педагогика университети ректори ўзгарди.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Қирғизбоев Абдуғаффор Каримжонович Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори этиб тайинланди.
Шу муносабат билан у Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири лавозимидан озод этилди.
Ўзгидромет Тошкентда нега “лойли қор” ёғганини тушунтирди
Бугун, 17 ноябрь куни тонгда Тошкентда биринчи қор ёғди. Бироқ қор кутилганидек оппоқ бўлмади. Гидрометеорология хизмати маркази нега ифлос қор ёғганига изоҳ берди.
Қайд этилишича, 10:30 да қор қатлами 12 сантиметрни ташкил этган. Қордан намуналар олиниб, текширув ўтказилганда, ифлосланган қор қатламлари (қизғиш лой ранги) кузатилган.
Маълум қилинишича, ифлосланган қор ёғишига 4 ноябрда Қозоғистон жанубида ва 16 ноябрда Бухоро вилоятида кузатилган қум бўронлари сабаб бўлган.
Олам
Беларусь-Польша чегарасида 10 нафар муҳожир ҳалок бўлгани айтилди
Беларусь-Польша чегарасида камида 10 нафар муҳожир совуқ туфайли ҳалок бўлди. Халқаро гуманитар ташкилотлар янги ўлимларнинг олдини олиш учун ёрдам кўрсатиши керак ва томонлар вазиятни юмшатиши керак.
“Биз чегарада ва бошқа жойларда муҳтож бўлган барча одамлар тиббий ҳамда гуманитар ёрдам олишлари учун Қизил Хоч ва бошқа гуманитар ташкилотлардан фойдаланишга чақирамиз”, деган Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари федерациясининг
Европадаги офатлар, иқлим ва инқирозлар бўлими раҳбари Андреас фон Вайссенберг.
Афғонистонда ҳокимиятга келган “Толибон” илк бор давлатлараро учрашувга таклиф қилинди
“Толибон” ҳаракати вакиллари Афғонистонга қўшни давлатларнинг учинчи вазирлар йиғилишига таклиф этилади.
“Афғонистон муваққат ҳукумати Афғонистонга қўшни давлатларнинг навбатдаги йиғилишига таклиф қилинади”, деган вазир.
Покистон жорий йил август ойи ўрталарида “Толибон” томонидан ҳокимият қўлга киритилгандан кейин Афғонистондаги вазият юзасидан Афғонистонга қўшни давлатлар ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказишнинг янги механизмини ишлаб чиққан. Музокараларда Россия, Хитой, Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон иштирок этмоқда. Уларнинг биринчи учрашуви 8 сентябрь куни Исломободда, иккинчиси 27 октябрь куни Теҳронда бўлиб ўтган.
Меркель “соя идора” яратишда айбланмоқда
Ангела Меркель Германия канцлери лавозимини тарк этгач, унинг идорасида тўққиз киши ишлайди, молиялаштириш Мудофаа вазирлигидаги фойдаланилмаган лавозимлар ҳисобидан таъминланади.
Таъкидланишича, идора раҳбари ва унинг ўринбосари 10,4 минг евро маош олади. Шунингдек, идорада иккита ёрдамчи, котиба ва ҳайдовчи ишлайди.
2019 йилда Бюджет бўйича бундестаг қўмитаси бундай бюролар ходимларини давлат бюджетидан тўланадиган бешта лавозим билан чеклаш учун овоз берган.
“Мен делегацияман”. Байден журналистларни ҳайратда қолдирди
АҚШ Президенти Жо Байден Қўшма Штатлар Пекин Олимпиадасига делегация юборадими ёки йўқми, деган саволга берган жавоби билан журналистларни ҳайратда қолдирди.
“Мен делегацияман”, деган Байден АҚШ Хитойга делегация юборадими, дея савол берган журналистларга.
226 та журналист қотили жазосиз қолмоқда – CPJ
Охирги 10 йилда дунё бўйича журналистларга нисбатан қотиллик содир этганларнинг 81 фоизи жазосиз қолиб кетган. Бу ҳақда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Халқаро ташкилотининг “Глобал жазосизлик индекси –2021” маълумотларида келтирилган.
Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги ўн йил ичида дунёда ўз хизмат фаолияти сабабли 278 нафар журналист ўлдирилган. Шундан 226 та ҳолатда жиноят учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган.
Спорт
“Ньюкасл” Азарни қанчага сотиб олмоқчилиги маълум
Мадриднинг “Реал” клуби футболчиси Эден Азар келаси трансфер мавсумида “қаймоқранглилар” сафини тарк этиши мумкин. “Todofichajes” нашри хабарига кўра, бельгиялик футболчи Англия Премьер лигасига қайтиши мумкин.
Нашрда таъкидланишича, “Ньюкасл” ҳали ҳам яримҳимоячи билан шартнома имзолашга умид қилмоқда. Клубнинг янги раҳбарлари Эденнинг трансфери учун 40 миллион еврога яқин маблағ ажратишга тайёр.
“Ман Сити” “Барса” кўз тиккан футболчини “илиб” кетмоқчи
Англиянинг “Манчестер Сити” клуби раҳбарияти январь ойида жамоадан кетиш истагини билдирган яримҳимоячи Раҳим Стерлинг билан хайрлашишга қарши эмас. Инглиз нашрлари хабарига кўра, англиялик футболчига Каталониянинг “Барселона” клуби қизиқиш билдирмоқда, бироқ футболчининг ўзи “Ливерпуль”га қайтишни афзал кўрмоқда.
Шу сабаб, “шаҳарликлар” Раҳимга ўринбосар қидира бошлади. “Transfer news live” нашри хабарига кўра, Англиянинг амалдаги чемпиони Германиянинг “Лейпциг” клуби аъзоси Дани Ольмога қизиқиш билдирмоқда. Футболчининг нархи 50 миллион еврога баҳоланган ва испан футболчисининг “буқалар” билан шартномаси 2024 йилнинг ёзига қадар амал қилади.
“Реал” МЮ футболчисини сотиб олмоқчи
“Манчестер Юнайтед”нинг голландиялик футболчиси Донни ван де Бек келаси трансфер мавсумида “қизил иблислар” сафини тарк этиши мумкин “Fichajes” нашри хабарига кўра, “Реал” Доннига жиддий тарзда қизиқиш билдирмоқда.
Манбага кўра, “қироллик клуби” яримҳимоячини арзонроқ нархда сотиб олишни мўлжалламоқда, чунки ван де Бек “қизил иблислар” сафида ҳалигача ўз ўрнини топиб улгурмаган. Шу сабаб мадридликлар голланд футболчисининг нархи тушишига умид қилмоқда.
LiveБарчаси