“Замдекан” ва талаба можароси ортидан Педагогика университети ректори ўзгарди

Жамият 8750
image

Факультет декани ўринбосари талаба қизга тегажоғлик қилгани айтилган Тошкент давлат педагогика университети ректори ўзгарди.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Қирғизбоев Абдуғаффор Каримжонович Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори этиб тайинланди.

Шу муносабат билан у Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири лавозимидан озод этилди.

Ушбу қарор билан Педагогика университетининг собиқ ректори Алишер Умаров лавозимидан озод этилган.

Октябрь ойи охирида ижтимоий тармоқда ТДПУ декани ўринбосари талаба қизлардан бирига тегажоғлиқ қилгани ва у ўзини иккинчи қаватдан ташлаб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар тарқалганди.

Жабрланувчи Муштарибону Комилованинг иддаосига кўра, у жорий йилнинг 18 октябрь куни “Зулфия” номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев хонасига кирган. Декан хонасидан ҳамма чиқиб кетгач, эшикни қулфлаб, унга тегажоғлик қилган. Қизни диванга ётқизмоқчи бўлганда, у қаршилк кўрсатган ва дераза олдига бориб қолган. Ниятига етолмаган Боғабек Йўлдошев уни итариб юборган.

Ҳозирда Боғабек Йўлдошев ҳибсга олинган. Ҳолат бўйича Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этиш керакки, ушбу ҳолатга мамлакат Президентининг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева муносабат билдириб, “талаба қизларга нисбатан шилқимлик – жиддий муаммо” эканини таъкидлаган.  

 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 271
Рейтинг: 3
t
×