Захарова нега Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашяпти?

Жамият

image

Аввалроқ, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги спикери Мария Захарова Ўзбекистон давлат идораларида ҳужжат юритишда давлат тилидан фойдаланиш шартлигини кўзловчи қарор лойиҳасига муносабат билдириб, мамлакатда буни ёқловчилар озчиликни ташкил қилаётганини айтиб чиққанди. У ўз фикрини далиллашга уринаркан, “Бу (идораларда рус тилидан фойдаланиш) тарих руҳига, икки томонлама муносабатларнинг замонавий сифатига, энг муҳими, кўпинча Россияда ўқиш ва ишлашни афзал биладиган Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларига тўла мос келади”, деган эди. 

Айни вақтда Захарованинг ушбу фикрлари ўзбек элитасида ва жамоатчиликда кўплаб баҳсларни келтириб чиқармоқда. Захаровага қарши чиққанлар орасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов ҳам бор. У Захарованинг Ўзбекистон ички ишларига аралашаётганини урғулади. Жумладан у шундай дейди: 

“Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Захарова Ўзбекистонда давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиловчи қонун лойиҳаси бўйича муносабат билдирибди.

Биринчидан, суверен давлат ҳудудида тил масаласи тартибга солиниши унинг ички сиёсати масалаларига киради.

Иккинчидан, рус тили бўйича Россия билан ҳамкорликда дастурларнинг амалга оширилиши бу юртимизда бошқа миллат вакилларига бўлган ҳурматимиз даражасини билдиради. Лекин Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили ҳисобланади ва давлат органларида иш давлат тилида юритилиши қонуннинг талабидир.

Учинчидан, Захарова қайси асосга кўра қонун лойиҳасининг тарафдорлари камчиликни ташкил қилиши ва расмий иш юритувида рус тили тўлиқ сақланиб қолган, деган хулосага келди?

Тўртинчидан, давлат идораларида ўзбек тилида иш юритиш Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқаларимиз динамикасига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги керак. Россия расмий вакили бу масаланинг Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига зид ёки зид эмаслиги бўйича фикр билдиришга ҳақлими?”.

Айни вақтда Захарованинг чиқишига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги сукут сақламоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Мария Захарова Акмал Бурхонова

Баҳолаганлар

1423

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг