Захаровача провокация. Навбат тилга келдими?

Олам 11709
image

Ўзбекистоннинг давлат идораларида рус тилидан фойдаланиш Республика фуқароларининг манфаатларига жавоб беради. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова маълум қилди.

Бугун, 15 май куни Россия ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган брифингда вазирлик вакили Ўзбекистон идораларида ҳужжат юритишда давлат тилидан фойдаланиш шартлигини кўзловчи қарор лойиҳасига изоҳ бериб ўтди. Унинг фикрича, ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватловчилар мамлакатда озчиликни ташкил қилади.

“Биз юқоридаги қонун лойиҳаси сабаб оммавий ахборот воситаларида юзага келган тортишувларга эътибор қаратдик. Афтидан, унинг тарафдорлари ҳозирда озчиликдир. Изоҳларнинг аксарияти рус тилининг расмий тартибда тўлиқ сақланиб қолганлигидан далолат беради “, дейди дипломат.

Захарова брифинг давомида “Россияда ишлашни афзал кўрувчи“ ўзбекистонликларни бу қарорга муносабатини таъкидлаб ўтди.

“Бу (идораларда рус тилидан фойдаланиш) тарих руҳига, икки томонлама муносабатларнинг замонавий сифатига, энг муҳими, кўпинча Россияда ўқиш ва ишлашни афзал биладиган Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларига тўла мос келади”, дейди Захарова.

Захарова, шунингдек, Ўзбекистонда рус тилини ўқитиш дастурини яратиш бўйича фаол қўшма ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

“Биз ўқув материаллари, бадиий адабиётлар сонини кўпайтириш, қўшимча рус тилидаги марказларни очиш, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказига россиялик мутахассисларни юбориш, шунингдек, Россия университетларида рус филологияси ва илмий даражасига эга бўлган ўзбекистонлик абитуриентлар учун бюджет квоталарни кўпайтириш ҳақида музокаралар олиб боряпмиз“, дейди вазирлик вакили.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистонда қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда. Қонун лойиҳасида расмий идораларда ўзбек тилидан фойдаланмаслик учун жарима солинишни таклиф қилмоқда.

 
Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 401
Рейтинг: 2.9
t
×