“Ювентус” Шомуродов трансфери бўйича “Женоа” билан боғланди
Спорт
−
19 Январь 2021
26012Турин клуби ўзбекистонлик футболчи Элдор Шомуродовнинг трансфери бўйича генуяликлар билан алоқага чиққан. Бу ҳақда “Football Italia” нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, “Ювентус” клуби қишки трансферлар ойнасидаёқ Шомуродовни ўз сафига қўшиб олиши мумкин.
“Calciomercato” нашри ҳам туринликлар Элдорнинг трансфери масаласида музокараларни бошлагани ҳақида ёзмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 январидан Италия нашрларида Элдор Шомуродовнинг “Ювентус” клуби қизиқишлари дорирасига тушгани ҳақида хабарлар тарқала бошлаган эди.
Кейинроқ, Элдор тўп сураётган “Женоа” клуби президенти футболчи қишки трансферлар ойнасида жамоадан кетмаслигини айтди.
Элдор ҳақидаги хабарларга “Ювентус” клуби спорт директори Фабио Паратичи клубда рақобатбардош таркиб борлиги, аммо бозорда яхши вариантлар бўлса, жамоани кучайтиришини айтиб, жавоб берган эди.
Маълумот ўрнида, Шомуродов Италиянинг “Женоа” клубига ўтган йили Россиянинг “Ростов”идан келиб қўшилган. Трансфер қиймати 7,5 миллион еврони ташкил қилган ўзбекистонлик ҳужумчи “Женоа” сафида шу кунга қадар Италия чемпионати доирасида 12 учрашув ўтказиб, иккита гол урди ва битта голли узатма берди. Шомуродовнинг ушбу клуб билан шартномаси 2024 йилнинг ёзигача амал қилади.
LiveБарчаси