ЙПХдан қочиб, машиналарни мажақлаган қора Gentra бўйича яна маълумот берилди
3-саҳифа
−
22 Апрель
13314Жорий йилнинг 19 апрель куни Тошкент шаҳрида йўл-транспорт ҳодисасини содир этиб, ҳодиса жойидан яширинишга уринган давлат рақам белгисиз ҳаракатланиб келаётган Gentra 5 та машина билан тўқнашгани маълум бўлди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, машинанинг олд ўриндиғида бўлган фуқаро О.Ж. отаси номида бўлган Gentra русумли автомашинани (давлат рақами ечилган) таниши, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган С.П.га бошқариш учун тақдим қилган, орқа ўриндиғида уларнинг уч нафар аёл таниши – П.Г., Қ.Д., Р.Б.лар бўлган.
Хабарда улар Чилонзор тумани ТХАЙ-Чорбоғ кўчасида тартибсиз ҳаракатланиб, дастлаб Damas русумли автомашинани уриб юбориб, шикаст етказгани қайд этилган. Аммо воқеага гувоҳ бўлган ЙПХ ходими 2 та Damas автомобилига техник шикаст етказганини айтган эди.
Шунда ушбу йўналишда хизмат олиб бораётган ЙҲХБ ходимлари уларга тўхташ буйруғини берган бўлса-да, С.П. бунга бўйсунмасдан, Ж.О.нинг кўрсатмаси бўйича ҳаракатни давом эттирган. Оқибатда у Cobalt ва 2 та Gentra русумли автомобиллар билан тўқнашув содир қилиб, ҳайдовчиларга тан жароҳати ва автомашиналарга шикаст етказган, сўнг Matiz русумли автомашина (жами 5 та автомашина) билан тўқнашув содир қилиб, бошқарувни тўхтатган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда фуқаролар С.П. ва Ж.О. нисбатан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “б” банди (ўзганинг мулкига шикаст етказиш) ва 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Маълумот учун, ушбу ҳодиса юз бергач, машина тўхтатилган, автомобиль ичидагилар уларни ИИБ биносига олиб кетмоқчи бўлган ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатган. Шунингдек, шу ерда бўлган фуқаролар уларга бақиргани учун барчани ҳақорат қилишган. Бунинг ортидан бўлиб ўтган судда уларнинг ҳар бири Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. Суд қарорига кўра, машинанинг орқа ўриндиғида бўлган Г.П , Б.Р. ҳамда Д.Қ.ларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида – 375 минг сўм жарима жазоси ҳамда кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) тартибида оғирроқ жазони назарда тутувчи санкция доирасида узил-кесил 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
LiveБарчаси