Тошкентда бир неча машиналарни мажақлаган Lacettiʼдаги 3 киши қамалди
3-саҳифа
−
20 Апрель 17927 3 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида Lacetti ҳайдовчиси наркотик модда таъсирида йўл-транспорт ҳодисаси содир қилгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу машина ичида бўлганларнинг 3 нафари 7 суткага қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Суд материалига кўра, судланувчилар – 35 ёшли Г.П., 21 ёшли Б.Р. ва 20 ёшли Д.Қ. жорий йилнинг 18 апрель куни С исмли шахснинг уйида ўтказилган меҳмондорчиликда танишган. Шу куни кечаси ўша ерда тунаб қолишган. Эртаси куни эрталаб Б.Р.нинг соғлиғи ёмонлашгани учун С.нинг ўртоғи Ж.нинг автомашинасида С, Ж, Б.Р.,Д.Қ. ва Г.П. биргаликда дорихонага чиққан, автомашинани эса С бошқарган.
Улар машинада давлат рақам белгисиз ҳаракатланиб келаётгани сабабли кеча, 19 апрель куни соат 07:30 да Чилонзор туманининг ТХАЙ ва Чорбоғ кўчалари кесишган чорраҳада хизмат олиб бораётган йўл-патруль хизмати инспектори Lacetti'га тўхташ ишорасини берган, аммо улар ишорага бўйсунмаган. Автомобилни ҳайдаётган С уларнинг огоҳлантиришларига қарамасдан автомашинани катта тезлиқда бошқариб, бошқа транспорт воситаларига ҳам урилган. Машина тўхтатилгач, уларни ИИБ биносига олиб кетмоқчи бўлган ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатишган. Шунингдек, шу ерда бўлган фуқаролар уларга бақиргани учун барчани ҳақорат қилишган.
Мазкур иш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида ўтказилган суд мажлисида Г.П , Б.Р. ҳамда Д.Қ. қилган ишидан пушаймонлигини, бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтиб, суддан ўзларига нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўраб кўрсатувлар берган.
Суд уларнинг ҳар бири Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топган. Суд қарорига кўра, ушбу фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида – 375 минг сўм жарима жазоси ҳамда кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) тартибида оғирроқ жазони назарда тутувчи санкция доирасида узил-кесил 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
ЙҲХХ хабарига кўра, ушбу автомобиль бошқарувидаги С исмли аёл машинада 2 та Damas автомобилига техник шикаст етказган ҳолда ҳодиса жойидан қочишга ҳаракат қилган. Кўрилган чоралар натижасида транспорт воситаси тўхтатилиб, унинг ичида бўлган ҳайдовчи ва йўловчилар текширилганда, автомобиль ичида номаълум моддалар, шунингдек, наркотик модда истеъмоли учун ишлатилган буюмлар борлиги аниқланган. Ҳайдовчи ҳам наркотик модда таъсирида бўлган. Ҳайдовчи ва Ж исмли йўловчи процессуал тартибда ушланиб, Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилган.