Йиғлаётган Винисиус ёхуд ирқчилик
Спорт
−
24 Май 2023
8202Рацизм ёки ирқчилик – бу ирқий камситиш сиёсати, яъни инсон ирқларининг жисмоний ва руҳий жиҳатдан ҳар хиллиги, ирқий тафовутларнинг жамият тарихи ва маданиятига қал қилувчи таъсири, одамларнинг азалдан олий ва паст ирқларга ажратилганлиги ҳақидаги қоидаларга асосланган мафкура ҳисобланади. Ирқчилик халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилинган бир қанча ҳужжатларда, жумладан, ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияда кескин қораланган.
Яқиндагина Мадриднинг “Реал” клуби футболчиси Винисиус Жуниор ирқчилик “қурбон”ига айланди. Винисиус Жуниор Испания чемпионатининг 35-тури доирасидаги ўйинда “Валенсия” мухлислари томонидан ҳақорат қилганидан сўнг, кўз ёшларини тия олмади. Бразилиялик футболчи ўйин давомида мухлислар томонидан айтилган “маймун” ва “Винига ўлим” каби ҳақоратларга дуч келди.
Рацизм бугунги кунда нафақат футбол, балки бутун дунёни қийнаётган ҳолатлардан бири. Испаниянинг ирқчи аҳолиси бу сафар ҳам яна “Реал” аъзоси Винисиусга қарата ўз тошларини отди. Бу сафар Вини чидай олмади. Кўзларига ёш олиб, майдонни тарк этгиси келди. Хаёлидан бу ирқчи юртдан бош олиб кетиш фикри ҳам ўтди. Вазият жуда мураккаб тус олди. Вини билан бўглиқ ҳолатга ҳатто FIFA президенти ҳам ўз муносабатини билдириб, бундай вазиятда “Валенcия” – “Реал” ўйинида ишлаган ҳакам керак бўлса, ўйинни тўхтатиши, баҳсни бекор қилиши кераклигини таъкидлади. “Реал” мухлислари бахтига Вини Жуниор клубдан кетмасликка қарор қилди.
Бразилиялик футболчи билан боғлиқ ҳолат бутун дунёда ҳар соатда, керак бўлса ҳар сонияда кузатилади ва рацизм футболдаги жозибадорликка соя солишда давом этмоқда. Ҳолат юзасидан Винициус Жуниорнинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида қуйидаги фикрларни билдирди:
“Бу кўп бор такрорланди. Ирқчилик Ла Лигада оддий ҳолга айланган. Лига чора кўрмаяпти ва ирқчилар бундан фойдаланяпти. Афсуски, Роналдиньо, Роналдо, Криштиану ва Мессилар порлаган чемпионат энди ирқчиларникига айланди. Испанлардек ажойиб миллат ҳозирда рацизмга қарши чиқмаяпти. Ҳар ҳафта рўй берадиган бу ҳолатдан менда ҳимоя йўқ. Мен кучлиман ва ирқчиларга бош эгмайман. Керак бўлса, бу ердан узоқлашаман”.
Виниcиус билан боғлиқ ҳолат бўйича ўзбек спорт журналистларининг фикрига ҳам қизиқдик.
“Албатта, Винисиус бошқа клуб вакилларига ёқмаслиги мумкин. Лекин бутун дунёда ирқчиликка қарши курашилаётган пайтда ҳар ўйинда, бутун секторлаб очиқчасига маймун деб бақирилиши ғалати ҳолат. Бунга комплекс чора кўрилмаса Ла Лига имиджи кескин зарар кўришда давом этади”, деб ёзди Даврон Файзиев ўз Telegram саҳифасида.
Бевосита баҳсни шарҳлаб борган Хайрулла Ҳамидов ҳам ҳолат бўйича ўз мунодабатини билдирди.
“Винисиус технар футболчи. Испанияда ирқчилик олдиндан бўлган. Олдин ҳам Испанияда қора танли футболчи гол урса, масхара қилишган. Керак бўлса, Криштиану Роналдуни ҳам ирқий томондан камситишган.Роналду эса гол уриб, устидан кулганларни “оғзига урган”, дейди Ҳамидов.
Испания спорт мусобақалари қўмитаси (RFEF) кўп соатлик муҳокамалардан сўнг Винисиусни дисквалификацияни бекор қилишга қарор қилди. Сабаби “Реал” – “Валенсия” учрашуви ҳаками воқеа ҳақида, жумладан, унинг асосий қисми ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмагани учун эпизодга нотўғри баҳо берган.
Баҳсли эпизодда Винисисус рақиб футболчиси Уго Дурони уришидан олдин, “Валенсия” аъзоси бразилиялик футболчини бўғиб олганди. Бош ҳакам Рикардо Бенгоэчеа видеотакрорни кўриб, бразилиялик футболчига қизил карточка кўрсатган, Дуронинг ҳаракатларини эса эътиборсиз қолдирган.
Шу тариқа, бразилиялик футболчи 24 май куни “Райо Вальекано”га қарши ўйинда иштирок этиши мумкин.
Испания чемпионатининг 35-туридан ўрин олган “Валенсия”га қарши ўйинда (0:1) Винисиус ирқчиликка асосланган ҳақоратларга учраганди. Шунингдек, бразилиялик футболчи иккинчи бўлимнинг қўшиб берилган вақтида “Валенсия” футболчилари билан муштлашувда бевосита иштирок этди ва майдондан четлатилди. Тўғридан-тўғри қизил карточка билан четлатилиш ҳужумчи учун фаолиятидаги биринчиси бўлди.
Винисиус “Реал”да 2018 йилдан бери тўп суриб келмоқда.
Форварднинг клуб билан шартномаси 2024 йилгача мўлжалланган.