Европарламент Зеленскийни Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатди

Олам

image

Европанинг собиқ ва амалдаги сиёсатчилари ҳамда Европа парламент аъзолари Украина Президенти Владимир Зеленскийни тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатди. Таклиф “Nobelprizeforukraine” веб-сайтида эълон қилинди.

Мурожаатда сиёсатчилар тарихий ва мисли кўрилмаган воқеаларни ҳисобга олган ҳолда номзодларни кўрсатиш муддатини жорий йилнинг 31 мартигача узайтиришни сўраган.

“Бу Президент Зеленский ва Украина халқининг Тинчлик учун Нобель мукофотига кўрсатилишини таъминлаш учун зарур”, дея тушунтирган ташаббус муаллифлари.

Қайд этилишича, европалик сиёсатчилар шу тариқа, Украина халқига дунё улар томонида эканлигини намойиш қилмоқчи.

“Жасур украиналик эркаклар ва аёллар демократияни сақлаб қолиш учун курашмоқда. Украинанинг демократик йўл билан сайланган Президенти Владимир Зеленскийдан тортиб, оиласи билан хайрлашиб, Ватан учун курашишга отланаётган одамгача авторитаризм кучларига қаршилик кўрсатяпти. Биз Украина халқига дунё улар томонида эканлигини кўрсатиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун сиздан номзодларни кўрсатиш вақтини узайтиришингизни сўраймиз”, дейилади хатда.

Норвегия Нобель қўмитаси Матбуот хизматига кўра, 2022 йил мукофотга 251 нафар шахс ва 92 ташкилот ариза топширган. 2021 йилда Тинчлик бўйича Нобель мукофоти россиялик журналист, “Новая газета” бош муҳаррири Дмитрий Муратов ва филиппинлик журналист Мария Рессага берилган эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг