“Европадаги базаларни нишонга оламиз”. Эрон Трампнинг таҳдидига жавоб қайтарди
Олам
−
1374 2 дақиқа
Эрон расмийлари тажовуз содир этилган тақдирда Европанинг бир қатор давлатларидаги Америка базалари нишонга айланиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда мамлакат парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссияси раиси ўринбосари Аббос Муқтадоий SNN агентлигига берган интервьюсида гапирди.
“Биз учун АҚШнинг Буюк Британия, Германия ва Болгариядаги базаси Баҳрайндаги Америка базасидан ҳеч қандай фарқ қилмайди. Ҳатто бирор мамлакат ҳудудидан Эронга қарши ҳаракатлар учун фойдаланилса ҳам, у Эроннинг жавоб чоралари доирасида нишонга айланиши мумкин”, дейди у.
Муқтадоийнинг қўшимча қилишича, дастлаб Европа давлатлари АҚШ йўналишига қўшилиш ниятида эмасликларини билдирган, бироқ кейинчалик Вашингтон Европанинг бир қатор давлатлари билан уларнинг ҳудудлари ва ҳарбий базаларидан фойдаланиш бўйича музокараларни бошлаган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бағоий эса Теҳрон АҚШнинг денгиз блокадасига қарши туриш учун турли воситаларни, жумладан, “мудофаа” воситаларини ишга солишга тайёр эканини маълум қилган.
“Эрон ўзини ҳимоя қилиш ва бу турдаги хуружларга қарши туриш учун ҳар қандай воситадан фойдаланишга ҳақли. Ҳокимиятнинг олий бўғинлари қаршилик кўрсатиш воситалари ва механизмлари юзасидан аллақачон қарор қабул қилган бўлиб, улар сиёсий, дипломатик ва мудофаа чораларининг бутун бир қатламини ўз ичига олади ва уларнинг аксарияти амалга оширилмоқда”, дейди у брифинг чоғида Эрон томонидан денгиз блокадаси ёриб ўтилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан.
Шу билан бирга, Эрон давлат телерадиокомпанияси “АҚШ денгиз блокадасини ёриб ўтиш учун Эрон танкерлари карвони ҳаракатни бошламаганини” хабар қилган.
Маълумот учун, АҚШ ва Исроил жорий йил 28 февраль куни Эрондаги объектларга зарба беришни бошлаган, бунга Эрон томони ўз зарбалари билан жавоб қайтарган эди. Можарода нисбий сокинлик кузатилаётганига қарамай, ҳали сулҳ тузилмади ва жанговар ҳаракатлар қайта бошланиши хавфи мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп 2027 йил кириб келганидан сўнг Эронга зарбалар йўллаш тўғрисида буйруқ беришга тайёр эканини маълум қилганди.
Live
Барчаси