Ҳижобсиз қўшиқ куйлаган машҳур хонанда 74 марта қамчиланди (видео)
Олам
−
5169 2 дақиқа
Эронда хонанда Парaсту Аҳмади ва унинг ижодий жамоасининг тўрт нафар аъзосига 74 даррадан урилди. Шунингдек, уларга икки йил давомида ижодий фаолият билан шуғулланиш ва мамлакатдан чиқиш тақиқланди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, улар интернетда жамоат одоб-ахлоқига зид ва ахлоқсиз контент тайёрлаш ҳамда тарқатишда айбланган.
Иш 2024 йилнинг декабрь ойида Парaсту Аҳмади YouTube платформасида ҳижобсиз, эркак мусиқачилар ҳамроҳлигида қўшиқ куйлаган видеоси эълон қилинганидан кейин бошланган. Ушбу чиқиш Эрон пойтахти Теҳрон яқинидаги Қум шаҳрида бўлиб ўтган.
Қайд этилишича, Ғарб давлатлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қамчилаш жазосини қийноқ ҳамда халқаро ҳуқуқ бузилиши сифатида кескин танқид қилиб келади. Эрон эса мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ айбловларни рад этиб, Ғарб давлатларини аввало ўз муаммоларига эътибор қаратишга чақиради.
Маълумот учун, Эронда аёллар учун ҳижоб кийиш мажбурияти 2022 йилда Маҳса Амини исмли курд миллатига мансуб аёлнинг ҳибсда вафот этишидан кейин бошланган норозилик намойишларининг асосий сабабларидан бирига айланган эди. У кийиниш қоидаларини бузганликда гумонланиб қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон апелляция суди хонанда Парасту Аҳмади ва унинг гуруҳига нисбатан чиқарилган 74 дарра уриш ҳақидаги ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган эди. Шу тариқа, хонанда ва яна етти нафар гуруҳ аъзосига нисбатан чиқарилган ҳукм якуний кучга кирган.
Live
Барчаси