Европа комиссияси Путиннинг талабини бажариш учун йўл очди
Олам
−
22 Апрель 2022
42724Европа компаниялари Россия гази учун тўловни рублда амалга ошириши мумкин ва бу санкцияларни бузиш ҳисобланмайди. Бу ҳақда Европа Иттифоқига аъзо давлатларга юборилган Еврокомиссия ҳужжатида келтирилган.
“Reuters” агентлигининг ҳужжатга таяниб ёзишича, газ компаниялари Россия томонидан таклиф қилинган энергия тўлови схемасига рози бўлиши мумкин, бироқ санкциялар билан киритилган чекловлардан воз кечиш тартиби ҳали тўлиқ аниқ эмас.
Жорий йилнинг 1 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин томонидан имзоланган Россия газининг “дўст бўлмаган мамлакатлар”га етказиб берилгани учун тўловларни рублга ўтказиш тўғрисидаги фармон кучга кирди. Аввалроқ, “Bloomberg” ёзганидек, Еврокомиссия газ учун тўловни рублда амалга ошириш жорий қилинган санкцияларни бузиш деб ҳисоблаган.
Европа Иттифоқи мамлакатлари бу борада ягона позицияга эга эмас. 13 апрель куни Австрия канцлери Карл Нехаммер унинг мамлакати Германия, Венгрия ва Болгария билан биргаликда Россия гази етказиб бериш эмбаргосига қарши эканини айтди.
Шунингдек, Италия Россия талаб қилаётган газ учун янги тўлов шартларини Европа Иттифоқи томонидан бу хатти-ҳаракатларни Россияга қарши санкцияларнинг бузилиши сифатида тан олса, бажаришдан бош тортиши ҳам маълум бўлди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси