Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларни узайтирди
Олам
−
21 Июль 2023
3248Европа Иттифоқи Кенгаши Россияга қарши барча иқтисодий санкцияларни олти ойга – 2024 йил январи охиригача узайтирди. Бу ҳақда ЕИ кенгашининг Бельгия пойтахти Брюсселда эълон қилинган баёнотида айтилади.
“Кенгаш бугун Россия иқтисодиёти тармоқларига нисбатан тақиқловчи чораларни олти ойга – 2024 йилнинг 31 январгача узайтиришга қарор қилди”, дейилади хабарда.
Бу санкциялар илк бор 2014 йилнинг 1 августида кучга кирган, шундан буён улар Минск келишувларини амалга оширишда силжиш йўқлиги сабабли, ҳар олти ойда узайтирилган.
Кенгашнинг қайд этишича, ҳозирда санкциялар кенг тармоқли чора-тадбирлардан, жумладан, молия, энергетика, технологиялар ва икки томонлама мақсадли товарлар, саноат, транспорт ва ҳашаматли товарларга нисбатан чекловларни ўз ичига олади.
Шунингдек, чеклов чоралари доирасида Россия Федерациясидан Европа Иттифоқига нефть ва айрим нефть маҳсулотларини денгиз орқали олиб ўтиш ёки ташиш тақиқланган. Бир қатор Россия банклари SWIFT тизимидан узилган ва Россиянинг Европа Иттифоқида фаолияти тақиқланган айрим оммавий ахборот воситаларини трансляция қилиш чекланган.
Россия Федерациясига қарши иқтисодий санкциялардан ташқари, бошқа чоралар ҳам кўрилаётгани эслатилган:
- Қрим ва Севастополь, шунингдек, Донецк ва Луганск билан иқтисодий алоқаларни чеклаш;
- жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан молиявий активларни музлатиш ва Европа Иттифоқига индивидуал саёҳат қилишни чеклаш чоралари шулар жумласидандир.
Маълумот учун, 2022 йил февраль ойидан бошлаб Европа Иттифоқи Россияга қарши бир томонлама санкцияларни 11 та янги блокировка пакетлари билан кучайтирди. Европа Иттифоқининг ушбу санкциялар режими иттифоқ тарихидаги энг йириги саналади.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи Россияга қарши 11-санкция пакетидаги “Қора рўйхат”га Ўзбекистондаги 2 компания ҳам киритилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь