Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг тўртинчи пакетини тайёрламоқда
Олам
−
02 Март 2022
5721Европа Иттифоқи Украинадаги ҳарбий амалиёти туфайли Россияга қарши тўртинчи санкциялар пакетини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда бугун, 2 март куни Австрия Ташқи ишлар вазири Александр Шалленберг маълум қилди.
“Биз аллақачон кучли санкциялар киритганмиз. Тўртинчи пакет устида ишлаяпмиз. Жума куни Евроиттифоқ ташқи ишлар вазирларининг АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан махсус учрашуви бўлиб ўтади”, деди у.
Шалленбергнинг фикрича, Россия Федерациясига нисбатан чеклов чоралари аллақачон ўз самарасини берган.
“Биржалар ёпилди. Рубль сезиларли даражада пасаймоқда. Европа Иттифоқи биринчи марта мушакларини кўрсатди", дея қўшимча қилган у.
Австрия ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, янги санкциялар йирик бизнесменларга таъсир қилади, махсус рўйхатлар тайёрланмоқда.
“Кейинги асосий мақсад, таъбир жоиз бўлса, юқори олигархлар бўлади. Биз ишлаяпмиз, аллақачон янги рўйхатлар мавжуд”, дейди Шалленберг.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси