ЕИ ваниҳоят Россия банкларини SWIFT'дан узди
Олам
−
02 Март 2022
8639Европа Иттифоқи кўпдан бери муҳокама қилиб келинаётган Россия банкларини SWIFT халқаро банклараро алоқа тизимидан узиш масаласига нуқта қўйди.
Бугун, 2 март ЕИ Россиянинг еттита банкини SWIFT тизимидан узишга қарор қилди. Рўйхатга ВТБ, “Россия”, “Открытие”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари кирди.
Агар Россия Федерацияси SWIFT’дан узилса, нима бўлади?
Пул маблағларини хорижий ҳисоб рақамларига ўтказиш учун одатдагидек мижоз банки етарли бўлмайди, янги усулларни излаш керак бўлади.
Корхоналар учун хорижлик контрагентларга тўлаш, якуний истеъмолчилар учун эса чет элга пул ўтказмаларини амалга ошириш қийинлашади.
Банк операцияларининг секинлашиши иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида товарлар етказиб бериш занжирларининг узилишига, бу эса ўз навбатида импорт тақчиллигига олиб келади. Товарларни етказиб бериш билан боғлиқ қийинчиликлар ҳам нархларнинг ошишига ва доллар ва евро курсининг яна кўтарилишига олиб келиши мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, SWIFT’дан узилган тақдирда, кўплаб россиялик инвесторлар маҳаллий қимматли қоғозларни оммавий равишда сотишни бошлайдилар, бу эса фонд бозорига зарба беради.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси