ЕИ Украинага қурол учун учинчи марта 500 млн евро ажратди

Олам

image

Европа Иттифоқи кенгаши Украинага ҳарбий техника учун қўшимча 500 миллион евро ажратиш қарорини маъқуллади. Бу ҳақда ТАСС Брюсселда тарқатилган тузилма баёнотига таяниб, хабар берди.

Қайд этилишича, Европа Иттифоқи Украина учун Европа Тинчлик Жамғармаси доирасида аллақачон сафарбар қилинган ресурсларга 500 миллион евро қўшади ва шу билан дастлабки бюджетни уч баравар оширади. Натижада Европа Иттифоқининг Киевга юбораётган ҳарбий ёрдамининг умумий миқдори 1,5 миллиард еврога етади. 

“Бу Европа Иттифоқига Украина қуролли кучларининг ўз ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, тинч аҳолини ҳимоя қилиш қобилияти ва чидамлилигини қўллаб-қувватлашда давом этиш имконини беради”, дейилади ҳужжатда.

Аввалроқ Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Киевга ташрифи чоғида Европа Иттифоқи тарихида биринчи марта можаро дипломатик йўл билан эмас, ҳарбий йўл билан ҳал этилишини истаган эди. Шу билан бирга, у Европа Иттифоқининг Украинага ҳарбий техника учун қўшимча 500 миллион евро ажратиш ниятида эканлигини маълум қилганди.

Маълумот учун, Европа Иттифоқи икки марта (28 февраль ва 23 март) Украинага ҳарбий ёрдам учун 500 миллион евро ажратилишини эълон қилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

4

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг