ЕИ Россияга қарши санкцияларнинг “олтин пакети”ни тайёрлади
Олам
−
16 Июль 2022
6321Европа Иттифоқи Украинадаги уруш учун Россияга қарши санкцияларнинг навбатдаги босқичини тайёрлади. Еттинчи пакет Россия олтини импортига тақиқни ўз ичига олади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи баъзи бўшлиқларни ёпади ва Россиядан озиқ-овқат импорти учун истиснони аниқ белгилайди.
“Россия Украинага қарши шафқатсиз урушини давом эттирмоқда ва шунинг учун бугун биз Кремлга қарши янги санкциялар жорий этишни, мавжуд санкцияларга риоя этилиши устидан назоратни кучайтиришни ва уларни 2023 йилнинг январигача узайтиришни таклиф қиламиз. Москва тажовуз учун жуда қиммат тўлов қилиши керак”, деган Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен.
ЕИ мамлакатлари элчилари келаси ҳафта – ёзги таътил олдидан охирги иш ҳафтасида “олтин пакет”ни тасдиқлаш учун йиғилишади.
Янги пакет аввалгиларига қараганда анча содда. Олдинги пакетда Россия нефти ва кўмирига эмбарго жорий этилганди.
Олдинги “нефть пакети” Россия билан яхши муносабатда бўлган Венгрия туфайли тезда қабул қилинмаганди. Натижада, нефть эмбаргоси қисман бўлиб чиқди ва бир неча ойга кечиктирилган ҳолда ўрнатилди.
Еттинчи санкциялар пакетида олтинни, шу жумладан учинчи давлатлар орқали олиб киришни тақиқлашдан ташқари, украиналикларни ўлдириш, уларнинг мамлакатини йўқ қилиш ва эгаллаб олишда Владимир Путиннинг шериклари деб ҳисоблаган шахслар рўйхати кенгайтирилади.
Бундан ташқари, ЕИ Россияга иккиламчи мақсадларда фойдаланиладиган маҳсулотлар, жумладан, асбоб-ускуналар ва нефть-кимё маҳсулотларини етказиб беришга қўйилган айрим тақиқларни кучайтиради ҳамда Россия савдо флотига қарши санкциялардан озод қилиш масаласига ойдинлик киритади.
Шу билан бирга, танкерлар флоти учун аввалги эмбаргодаги денгизда юкларни порт чегарасига кирмасдан ташиш имконини берувчи бўшлиқни ёпиш учун санкциялар кучайтирилади.
Узоқ вақтдан бери муҳокама қилинаётган Россияга булутли сақлаш хизматларини тақдим этишни тақиқлаш еттинчи пакетга киритилмайди, чунки Европа Иттифоқи уни ушбу сектордаги барча гигантлар устидан юрисдикцияга эга Буюк Британия ва АҚШ билан синхронлаштиришни хоҳлайди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.