Янги Зеландия ҳам болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи

Олам

image

Янги Зеландия ҳукумати 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини парламентга киритди. Қонун қабул қилинса, Instagram, TikTok, Snapchat ва Facebook каби платформаларда фойдаланувчининг ёши текширилади. Бу ҳақда DW хабар берди.

Қонун лойиҳасига кўра, ижтимоий тармоқ платформалари фойдаланувчининг 16 ёшга тўлганини тасдиқлаши керак бўлади. Бунинг учун юз орқали ёшни аниқлаш технологияси, рақамли идентификация каби воситалардан фойдаланиш мумкин.

Янги талабларни бажармаган платформаларга уларнинг глобал даромадининг 10 фоизигача жарима солиниши мумкин. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар ёш фойдаланувчиларга етказиши мумкин бўлган хавфларни баҳолаши ва уларни камайтириш бўйича кўрилган чоралар ҳақида ҳисобот бериши талаб этилади.

Янги Зеландия Бош вазири Кристофер Лаксон болаларга ижтимоий тармоқлар таъсири ортиб бораётганини таъкидлаган. Ҳукумат маълумотларига кўра, 13-17 ёшдаги болаларнинг ҳар уч нафаридан бири ижтимоий тармоқларда кунига камида беш соат вақт ўтказмоқда.

Таълим вазири Эрика Стэнфорднинг айтишича, қонун доирасидаги мажбуриятлар болалар ва уларнинг ота-оналарига эмас, айнан ижтимоий тармоқ платформаларига юклатилади. Болалар, ота-оналар ёки васийларга нисбатан жарима қўллаш режалаштирилмаган. Бироқ қонун лойиҳасининг келажаги ҳозирча ноаниқ. Ҳукумат таркибидаги NZ First ва ACT партиялари таклифнинг самарадорлигига шубҳа билдириб, унга қарши чиқмоқда.

Янги Зеландия бу борада Австралия тажрибасига эргашмоқда. Австралияда 16 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқларга киришни чеклаш қоидалари ўтган йили кучга кирган. Бироқ австралиялик тадқиқотчилар томонидан ўтказилган тадқиқотда ушбу чора ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини сезиларли даражада камайтирганига далиллар кам экани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон расмийлари 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлаши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг