Бразилия 6 кунлик иш ҳафтасидан воз кечди
Олам
−
09:11 304 2 дақиқа
Бразилияда жорий йилнинг 16 декабридан бошлаб ходимлар ҳафтасига беш кун ишлаши ва икки кун ҳақ тўланадиган дам олиш ҳуқуқига эга бўлади. Мамлакат Президенти Лула да Силва 6 кунлик иш ҳафтасини бекор қилишни тартибга солувчи фармонни имзолади. Бу ҳақда жорий йилнинг 19 ноябрь куни Бразилия ҳукумати расмий сайтида эълон қилинди.
Янги тартибга кўра, иш ҳафтаси босқичма-босқич қисқартирилади. 2026 йилнинг 16 декабрдан ҳафталик иш вақти 44 соатдан 42 соатга туширилади. 2027 йил декабридан эса бу кўрсаткич 40 соат этиб белгиланади.
Шу билан бирга, ходимларнинг иш ҳақи камайтирилмайди. Янги тартиб ҳафтасига кўпи билан беш кун ишлаш ва икки кун дам олишни назарда тутади.
Фармонда айрим истиснолар ҳам белгиланган. Жумладан, парвариш хизмати, шифохоналар ва қўриқлаш каби айрим соҳаларда 12 соат ишлаш ва 36 соат дам олиш тартиби сақлаб қолинади. Бунда ҳафталик иш вақти бўйича белгиланган чекловга риоя этилиши керак.
Маросимда сўзга чиққан Лула да Силва иш вақтини қисқартириш ходимларнинг ҳаёт сифатини яхшилашини таъкидлади. Унинг айтишича, дам олган ходим самаралироқ ишлайди ва кўрсатиладиган хизмат сифати ҳам ошади.
Шунингдек, президент ҳукумат дам олиш кунлари жамоат транспортида бепул қатновни ҳам таъминлашини маълум қилди. Бу ташаббус фуқароларнинг ҳордиқ чиқариши ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган.
Қайд этилишича, 6 кунлик иш ҳафтасини бекор қилишга қаратилган PEC 221/2019 конституциявий тузатиш лойиҳаси жорий йилнинг октябрь ойида Конгресс томонидан маъқулланиб, президент томонидан тасдиқланган. Имзоланган фармон эса ушбу тартибни амалиётга жорий этиш механизмларини белгилайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилия Сенати иш ҳафтасини 44 соатдан 40 соатгача қисқартирадиган ва ходимларга икки кунлик дам олиш кунини берадиган конституцияга киритилган тузатишни қўллаб-қувватлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси