Бразилияда олти кунлик иш ҳафтаси бекор қилинди

Олам

−

image

Кеча, 19 октябрь куни Бразилия Сенати иш ҳафтасини 44 соатдан 40 соатгача қисқартирадиган ва ходимларга икки кунлик дам олиш кунини берадиган конституцияга киритилган тузатишни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда “Good News Network” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳужжатни қабул қилиш учун 76 нафар сенатордан 75 таси овоз берган. Илгари Бразилияда ҳафтасига 44 соатлик иш тартиби ва бир мажбурий дам олиш куни тўлиқ бандлик ҳисобланар эди. Янги қоидалар мамлакатдаги иш графигини АҚШ ва бошқа йирик иқтисодиётлар стандартларига тенглаштиради. Ўзгаришлар босқичма-босқич кучга киради: 60 кундан кейин чеклов 42 соатгача, яна бир йилдан сўнг эса 40 соатгача камаяди.

Парламентнинг қуйи палатаси ушбу ташаббусни май ойида маъқуллаган. Қонун лойиҳаси мамлакатнинг амалдаги Президенти томонидан ҳам, унинг бош сиёсий рақиби томонидан ҳам қўллаб-қувватланган. Бразилия меҳнат қонунчилигига бу каби тузатишлар 1988 йилдан бери киритилмаган. Ўшанда стандарт иш вақти 48 соатдан 44 соатгача қисқартирилган.

Қўшимча дам олиш куни фуқароларга оиласига кўпроқ вақт ажратиш имконини беради. Компания ва иш берувчилар эса аввалги иш ҳажмини сақлаб қолиш учун смена графикларини қайта кўриб чиқиш ёки қўшимча ходимларни ишга олиш учун вақт заҳирасига эга бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британияда 200 та компания ходимларининг иш ҳақини камайтирмасдан, барча учун тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий этишга келишиб олгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг