Бразилиядаги ёввойи қабила илк бор одамлар олдига чиқди
Олам
−
371 1 дақиқа
Амазонка ўрмонларида яккаланган ҳолда яшовчи ава халқининг 20 га яқин вакили Бразилия шимоли-шарқидаги Мараньян штатида жойлашган Арарибоя қўриқхонаси ҳудудидаги қишлоқ аҳолиси олдига чиқди. Улар қишлоқ аҳолисидан егулик сўраган ва шундан сўнг яна ўрмонга қайтиб кетган. Бу ҳақда Survival International инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабар берди.
Авалар Амазонкада овчилик ва теримчилик билан кун кечирадиган сўнгги кўчманчи халқлардан бири ҳисобланади.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, бундай ноёб алоқага озиқ-овқат танқислиги сабаб бўлган бўлиши мумкин. Глобал исиш, ўрмонларнинг ноқонуний кесилиши ва овчилик қабила яшайдиган ҳудудга таҳдид солиб, уларни анъанавий озуқа манбаларидан маҳрум қилмоқда.
Маҳаллий аҳоли ушбу учрашувни фото ва видеога олган. Уларнинг сўзларига кўра, ўрмондан чиққан эркак, аёл ва болалар ҳолдан тойган ва озғин кўринган.
Маълумот учун, дунё бўйлаб замонавий цивилизациядан яккаланган ҳолда яшашни афзал кўрадиган 196 га яқин “ташқи дунё билан алоқага киришмаган” қабила ва гуруҳлар маълум. Уларнинг 90 фоиздан ортиғи Амазонка тропик ўрмонларида истиқомат қилади.
Live
Барчаси