Словакияда Фицо ҳукуматига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди
World
−
09:13 280 2 minutes
Словакияда 25 мингга яқин киши Бош вазир Роберт Фицо ҳукумати сиёсати ва унинг Россия билан алоқаларига қарши намойишга чиқди. Бу ҳақда DW хабар берди.
Қайд этилишича, намойишлар кеча, 17 ноябрь куни Чехословакияда 1989 йилда бошланган Бахмал инқилобининг 37 йиллиги муносабати билан ташкил этилган. Намойишчилар қонун устуворлиги тамойилининг бузилиши, ОАВ устидан назорат кучайтирилиши ҳамда ЛГБТ ҳуқуқларига нисбатан сиёсатдан норозилик билдирган.
Энг йирик намойиш пойтахт Братиславадаги Словакия миллий қўзғолони майдонида бўлиб ўтган. Мухолифатдаги “Прогрессив Словакия” партияси маълумотига кўра, унда қарийб 25 минг киши қатнашган.
Намойишчилар қўлларида “Руслар, уйга!”, “Қочишга мажбур бўладиган мамлакатда яшашни истамайман” каби ёзувлар акс этган плакатларни кўтарган. Айрим иштирокчилар AFP агентлигига берган интервьюсида Словакия ташқи ишлар вазири Юрай Бланарнинг яқинда Москвага қилган ташрифидан ҳам норозилигини билдирган.
Шунингдек, намойишчилар “Фицо бизга етар!” дея ҳайқириб, бош вазир бошчилигидаги уч партияли ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилган.
Маълумот учун, Фицо бошчилигидаги ҳукмрон коалиция бир қатор депутатларнинг таркибдан чиқиши ортидан парламентдаги мутлақ кўпчилигини йўқотган. Шундан сўнг мухолифат муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказишни талаб қилмоқда. Бироқ ҳозирча бундай қарорни қабул қилиш учун етарли овозга эга эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чехия пойтахти Прагада ҳукуматнинг жамоат телевидениеси ва радиосини молиялаштириш тартибини ўзгартириш режасига қарши қарийб 400 минг киши намойиш ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All