Европа саммитларига кечикиб келиб, уларни биринчи тарк этадиган етакчи номи айтилди

Олам

−

visibility2045 timer2 дақиқа

image

Словакия Бош вазири Роберт Фицо Европа етакчилари саммитларига кўпинча кечикиб келади, учрашувлар якунланмасидан аввал кетади ва бошқа давлат раҳбарлари билан норасмий суҳбатларда қатнашмайди. У ҳатто октябрь ойида Брюсселда ўтган Европа Иттифоқи саммитини тарк этиб, Сербияда Александр Вучични қўллаб-қувватлаш митингига борган. Бу ҳақда словак ва европалик дипломатларга таяниб, “EUobserver” нашри хабар берди.

“EUobserver” суҳбатдошларининг айтишича, бошқа давлат раҳбарлари кўпинча Фицо билан мулоқот қилмайди. Етакчилар норасмий музокаралар олиб бораётган вақтда Словакия Бош вазири делегациялар учун ажратилган алоҳида хонада ўтиришни афзал кўради.

Нашрлар бунга жорий йилнинг 12 ноябрь куни Дублинда бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамияти саммитини мисол қилиб келтирган. Тадбир соат 11:30 да бошланган бўлса-да, Фицо Братиславадан соат 13:15 да учган. Бу вақтда бошқа давлат раҳбарлари саммит бошланишидан олдинроқ келиб, ўзаро суҳбатлашишга улгурган.

Фицо кечикишини журналистларга соғлиғи билан изоҳлаган. Унинг айтишича, кўзи билан боғлиқ муаммони ҳал қилиши керак бўлгани учун парвоз бир неча соатга кечиктирилган.

Словакия Бош вазири октябрь ойи ўрталарида ҳам Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи саммитини муддатидан олдин тарк этган эди. У Сербиянинг Нови-Сад шаҳрига бориб, Александр Вучични қўллаб-қувватлашга бағишланган сайловолди митингида қатнашган.

“Denník N” нашрининг ёзишича, Фицо йўқлигида Европа Иттифоқидаги миграция, мудофаа ва хавфсизлик масалаларига бағишланган айрим муҳокамаларда Словакия номидан Чехия Бош вазири Андрей Бабиш иштирок этган.

Европа Иттифоқининг олий даражадаги учрашувларида қатнашган словак дипломати давлат раҳбарлари саммитларни одатда фақат алоҳида сабаблар туфайли муддатидан олдин тарк этишини таъкидлаган.

“Давлат раҳбарлари аксарият ҳолларда саммитларни муддатидан олдин фақат алоҳида сабабларга кўра тарк этади. У ердан шунчаки бирор сиёсий митинг учун кетилмайди”, деган дипломат.

Шунингдек, жорий йилнинг 10 ноябрь куни Фицо Германия канцлери Фридрих Мерцнинг Украинага ёрдам масаласидаги талабларини танқид қилган. Мерц Европа Иттифоқининг навбатдаги етти йиллик бюджетини тасдиқлашни иттифоқнинг барча аъзолари Украинани молиялаштиришда иштирок этиши шарти билан боғлашни таклиф қилган. Фицо буни “одатдаги шантаж” деб атаган.

Словакия Бош вазири Киевга ажратилиши режалаштирилган 70 миллиард евролик янги кредитда мамлакати иштирок этмаслигини билдирган. Шунингдек, Братислава ҳам Берлин каби вето ҳуқуқига эга эканини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Словакияда 25 мингга яқин киши Бош вазир Роберт Фицо ҳукумати сиёсати ва унинг Россия билан алоқаларига қарши намойишга чиққан эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг