Янги қуроллар ва санкциялар. Байден Киевга қандай “совға”лар билан келди?
Олам
−
20 Февраль 2023
10326Аввал хабар берганимиздек, бугун, 20 февраль куни АҚШ Президенти Жо Байден давлат раҳбари сифатида илк бор Киевга ташриф буюрди. У украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан учрашиб, Украинага яна 500 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди ва ҳафта охиригача Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилиниши билдирди.
20 февраль куни Украинада 2014 йилда Киевдаги давлат тўнтаришида ҳалок бўлган иштирокчилар хотирасига бағишлаб “Юзлаб самовий қаҳрамонлар куни” деб номланган байрам нишонланади. Байден ва Зеленский тегишли ёдгорлик жойлашган Михайловская майдонига ташриф буюрдилар.
Байденнинг Кийевга сафари эълон қилинмаган. Аввалроқ у 20-22 февраль кунлари Польшага ташриф буюриши хабар қилинган, Оқ уй эса президентнинг Украинага бориш режаларини рад этган эди.
Бугун эрталаб Киев марказида йўллар тўсиб қўйилди. Украина-Польша чегараси узра осмонда уч нафар Америка разведка самолёти навбатчилик қилди. Куннинг иккинчи ярмида Украина Ташқи ишлар вазири ўринбосари ва Берлиндаги собиқ элчи Андрей Мельник Киевнинг асосий ҳамкорлари келиши кутилаётганини маълум қилди.
Тошкент вақти билан соат 15:00 атрофида Украина оммавий ахборот воситалари Байденга ўхшаш одамни кўриш мумкин бўлган видеоларни эълон қила бошлади. Кўп ўтмай, Зеленский ўзининг Telegram-каналида америкалик мавқедоши билан қўшма суратни жойлаштирди, унинг идораси раҳбари Андрей Ермак эса Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан билан Мариинский саройида (Украина президентининг қароргоҳи) тушган суратини бўлишди.
“Politico” газетасининг Киев вакилига таяниб хабар беришича, ташриф бир ҳафта ичида тайёрланган. “The New York Times” газетасининг ёзишича, Байден Украина пойтахтига Польшадан поездда келган.
Ёрдам ва санкциялар
Зеленский билан учрашувда Байден Украинага 500 миллион долларлик янги ёрдам пакети тақдим этилишини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” ёзди. Бу 21 февраль куни расман эълон қилинади.
Ёрдам пакетига ўқ-дорилар ва танкга қарши тизимлар, жумладан Жавелин тизимлари, шунингдек, гаубица ва радарлар киради. Зеленский, шунингдек, Америка Президенти билан узоқ масофага мўлжалланган қуролларни етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилганини таъкидлади.
Қўшма Штатлар шу ҳафтада Россияга қарши янги санкциялар пакетини эълон қилмоқчи. Бу ҳақда Оқ уй маълум қилди. Ҳафта охиригача жорий этилиши кутилаётган навбатдаги чекловлар пакети ҳам Европа Иттифоқи томонидан муҳокама қилинмоқда.
Президентнинг биринчи ташрифи
Байден илк бор Украинага Президент сифатида келди. Вице-президент сифатида у мамлакатга олти марта ташриф буюрган: 2009, 2014 (уч марта), 2015 ва 2017 йилларда.
Америка Президентининг Украинага биринчи ташрифи 1991 йилда, Жорж Буш Киевга келганида содир бўлган. Унинг вориси Билл Клинтон давлат раҳбари сифатида республикага уч марта (1994, 1995, 2000 йилларда), Жорж Буш 2008 йилда ташриф буюрган.
LiveБарчаси