Кеча, 9 март куни Навоий, Фарғона ва Бухоро вилоятлари ҳокимларига янги ўринбосарлар тайинланди.
Навоий вилояти ҳокимининг қарори билан Малика Тожиевна Мамадиёрова вилоят ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Малика Мамадиёрова ушбу тайинловга қадар Навоий вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари – вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлаб келаётган эди.
Бухоро вилояти ҳокимининг қарори билан Фируза Баҳодирхоновна Иброҳимова вилоят ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Фируза Иброҳимова 1970 йил 24 ноябрда Бухоро шаҳрида туғилган. 1992 йилда Бухоро давлат педагогика институтини тугатган. У ушбу тайинловга қадар вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.
Камила Анваровна Кавланова Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди.
Камила Кавланова 1962 йилда Марғилон шаҳрида туғилган. 1983 йилда Тошкент давлат маданият институтини тамомлаган.
У тайинловга қадар Тошлоқ тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари – туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган.