Яккабоғ туманига янги ҳоким тайинланди

Жамият 2770
image

Кеча, 31 июль куни Қашқадарё вилояти Халк депутатлари Яккабоғ туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди. 

Вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири лавозимида ишлаб келган Абдурасул Эштемирович Сафаров Яккабоғ туман ҳокими этиб тасдиқланди.

Сессия ишида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев иштирок этиб, нутқ сўзлаган.

Абдирасул Сафаров 1965 йил 15 февралда Яккабоғ туманида туғилган. 1989 йилда Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтини тамомлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 июль куни соат 17:30 ларда 1976 йилда туғилган Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев. “Ҳисор Сарлочин” МЧЖга тегишли савдо дўконларини бузиш ишларини ташкиллаштираётган вақтда мазкур жамиятда ишловчи, 1963 йилда туғилган фуқаро Бахриддин Исомов ўзига тегишли савдо дўконини бузилишига фаол қаршилик кўрсатиб, Мансур Туймаевнинг юз қисмига елим идишда бўлган бензин ёқилғисини сепиб, уни ёқиб юборган. Руй берган воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишлари бошланган.

27 июль куни Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов “Эски Яккабоғ” қўрғонида бўлиб, ҳолат юзасидан вилоят масъуллари билан мулоқот қилган. Абдусалом Азизов Баҳриддин Исомовга тегишли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш дўкони бетон ғиштдан қурилган бино эканини таъкидлаб, бу бинони бузишга уринган туман масъуллари ишини қоралаган. Туман ҳокими, воқеа “қаҳрамони” Туймаев ҳамда туман прокурори ишдан олинган.

Ҳозирда ҳоким ўринбосари Мансур Туймаевга нисбатан жиноий иш очилган. Баҳриддин Исомов эса Тошкентга экспертизадан ўтиш учун Тошкентга келтирилган ҳамда ҳозирда Зангиота туманидаги жазони ижро этиш муассасаларидан биридаги биринчи сонли тергов изоляторида сақланмоқда. Исомовнинг адвокати Музаффар Одилов Б. Исомов сақланаётган тергов изоляторида бўлиб, у билан гаплашишга муваффақ бўлган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 41
Рейтинг: 3
t
×
×