Яқин Шарқда Блинкеннинг “кейинги қадами” қандай бўлади?
Олам
−
16 Октябрь 2023
5977АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бугун, 16 октябрь куни олти араб давлати расмийлари билан музокара ўтказиб, Исроилга қайтди. АҚШ расмийси Ғазо секторидаги гуманитар инқирозни юмшатиш йўлларини излаб, ҲАМАСга қарши саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга умид қилмоқда.
Маълумотларга кўра, Исроил Ғазо секторида қуруқликдаги йирик операцияга тайёргарлик кўраётган бир пайтда Блинкеннинг Қуддусда мамлакат раҳбарлари билан учрашиши кутилмоқда.
“Мен сўнгги бир неча кун ичида бошқа ҳамкорларимиздан ўрганганларимни баҳам кўришни ва исроиллик иттифоқчиларимиз ҳамда дўстларимиз билан келажак йўллари ҳақида гаплашишни хоҳлайман”, деди Блинкен.
Блинкеннинг ушбу сафарлари АҚШ Президенти Жо Байденнинг Исроилга ташриф буюриш арафасида бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга борган эди. АҚШ расмийси Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида Исроилга бошқа давлатлар ёки террорчилар томонидан ҳужум қилинган тақдирда, Қўшма Штатлар мамлакатни ҳимоя қилишини айтди.
Шундан сўнг, Иордания қироли Абдуллоҳ II ва Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашмоқчи эканлигини маълум қилди.
АҚШ расмийси ABC телеканалига интервью берар экан: “Биз уларни оилаларига қайтариш учун барча имкониятларни ҳисобга олган ҳолда қўлимиздан келганини қиляпмиз. Бизда бу борада катта тажриба бор. Шунга қарамай махфийлик ва хавфсизликни инобатга олиб, бу ҳақида батафсил маълумот бера олмайман”, деди.
АҚШ Давлат котибининг Исроил-Фаластин можаросида “ўзини тутиши” Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг кескин танқидларига сабаб бўлди.
“У Исроилга давлат котиби сифатида эмас, балки яҳудий миллати вакили сифатида ёндашишини маълум қилган. Бу қандай сиёсатчи, бу қандай ёндашув? Агар улар минтақага мусулмонлар сифатида ёндашишларини айтишса, нима деб жавоб берган бўлардингиз?”, деди Ражаб Тойиб Эрдўған.
LiveБарчаси