Блинкен Фаластин раҳбари Аббос билан учрашмоқчи
Олам
−
13 Октябрь 2023
6736АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Иордания қироли Абдуллоҳ II ва Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашмоқчи эканлигини маълум қилди.
Шундан сўнг у Яқин Шарқдаги бир қатор муҳим мамлакатларга ташриф буюради. Маълумотларга кўра, ушбу ташрифлар гаровга олинган исроилликларни озод қилиш учун Ғазо секторида ҳукмронлик қилаётган ҲАМАС ҳаракатига босим ўтказиш учун амалга оширилади.
"Исроилдан Иорданияга йўл оламан, у ерда Қирол Абдуллоҳ ва Фаластин маъмурияти раҳбари Аббос билан учрашаман. Яқин кунларда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср ва Қатар раҳбарлари билан учрашамиз", деди Блинкен Тель-Авивда ўтган матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар бу мамлакатларни Ғазо сектори атрофидаги можаронинг кенгайишига йўл қўймасликка ишонтиради ва "гаровга олинганларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилиш" учун ҲАМАСга таъсир ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, 12 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга етиб борган эди. Айтилишича, мазкур ташриф Вашингтоннинг Исроил билан бирдамлигини намойиш этиш учун мўлжалланган Яқин Шарқ сафарининг бир қисми ҳисобланмоқда.
У Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида сўз олар экан, Исроилга бошқа давлатлар ёки террорчилар томонидан ҳужум қилинган тақдирда, АҚШ Исроилни ҳимоя қилишини айтиб ўтди.