Яқин Шарқда АҚШнинг F-15E қирувчи самолётлари жойлаштирилди

Олам

image

Яқин Шарқ учун оператив масъулиятни ўз зиммасига олган АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) минтақага F-15E Strike Eagle қирувчи-бомбардимончи самолётлари етиб келганини эълон қилди. Бу ҳақда қўмондонлик ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди

“494-экспедиция эскадрилясининг F-15E Strike Eagle қирувчи самолётлари АҚШнинг позициясини мустаҳкамлаш ва Яқин Шарқдаги ҳаво операцияларини кучайтириш учун CENTCOM масъул ҳудудига етиб келди”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Jerald Ford авиаташувчиси Ўрта ер денгизи шарқий қисмига етиб келган. АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин исроиллик мавқедоши Йоав Галант билан қўшма матбуот анжумани чоғида Қўшма Штатлар, агар керак бўлса, Jerald Ford самолёт ташувчиси ва кемалар ортидан Яқин Шарққа қўшимча куч ва активлар юборишга тайёрлигини айтди.

CNN маълумотларига кўра, Вашингтон Исроил яқинида кенг кўламли эвакуацияларни қўллаб-қувватлаш ва гуманитар ёрдам кўрсатишга қодир бўлган 2 мингдан ортиқ денгиз пиёдаларидан иборат 26-денгиз экспедиция кучларини жойлаштиришга тайёрланмоқда. Телеканалнинг таъкидлашича, бўлинма айни пайтдда USS Bataan бортида.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Пентагон раҳбари Ллойд Остин Исроилга борганди.  У ерда Блинкен агар бошқа давлатлар ёки террорчилар Исроилга ҳужум қилса, АҚШ Исроилни ҳимоя қилишини айтганди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам АҚШ Ўртаер денгизига ўзининг авиаташувчи кемаларини жойлаштирмоқда. АҚШ Исроилга ҳарбийларини жўнатмаслигини маълум қилган. Бироқ Ўрта ер денгизидаги кучлар орқали айрим нишонларга ҳаво зарбасини бериш мумкин. Бу орада Эрон минтақа давлатлари билан Фаластин борасидаги музокараларни кучайтирди. Президент Иброҳим Раисий Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан шу масалани муҳокама қилган бўлса, Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Байрутда “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Шайх Ҳасан Насруллоҳ билан учрашди. “Ҳизбуллоҳ” раҳбарининг ўринбосари Найим Қосим эса унинг жангчилари ҲАМАСга қўшилиб, Исроилга қарши жангга кириши мумкинлигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Яқин Шарқ Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made