АҚШ Исроилга қилинган ҳужумга жавобан Ўрта ер денгизига ҳарбий-денгиз кучларини юбормоқда
Олам
−
09 Октябрь 2023
8122Пентагон ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумига жавобан шарқий Ўрта ер денгизига ҳарбий-денгиз кучларини юбормоқда. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин маълум қилди.
Унга кўра, минтақадаги вазиятни жиловлаш учун Исроил чегараларига “Жеральд Форд” авиаташувчиси, “Нормандия” ракета крейсери, “Томас Хаднер” эсминетси, “Реймиж”, “Карни” ва “Рузвельт” ҳарбий кемалари юборилмоқда.
Шунингдек, минтақада АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг F-35, F-15, F-16 ва А-10 қирувчи эскадронларини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.
“The Wall Street Journal”нинг қайд этишича, авиаташувчининг зарба бериш гуруҳи беш мингга яқин аскарни ўз ичига олади.
“Associated Press” хабарига кўра, авиаташувчининг зарба берувчи гуруҳи аллақачон Ўрта ер денгизида жойлашган. Ўтган ҳафта у Ион денгизида Италия билан денгиз машқларини ўтказди.
Агентлик Исроил чегараларига самолёт ташувчи кеманинг жойлаштирилишини куч намойиши деб атамоқда. Ҳарбийлар ҲАМАС жангариларига қурол-яроғ етказилишини назорат қилади ва олдини олади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади. Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. Сўнгги маълумотларга кўра, можаро қурбонлари сони 1100 га яқинлашди.