Эрон ТИВ раҳбари “Ҳизбуллоҳ” етакчиси билан учрашди – ОАВ
Олам
−
13 Октябрь 2023
8044Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Байрутга ташрифи чоғида “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Шайх Ҳасан Насруллоҳ билан учрашди. Бу ҳақда “Al Manar” телеканали хабар берди.
Айтилишича, музокаралар чоғида Абдуллоҳиён ва Насрулло Фаластин-Исроил можаро зонасидаги вазиятни муҳокама қилган. Шунингдек, икки томон ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин қандай позицияни эгаллаши кераклиги юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказган.
Вазир Абдуллоҳиён Эрон бошқа исломий давлатлар қатори Исроилнинг Ғазо халқига қарши жиноятларига тоқат қилмаслигини ва қаршиликка кучли ёрдам беришда давом этишини айтган.
“Эртага биз Ироқ ҳукумати ва Ливан ҳукумати билан Ғазодаги вазият ва сионистик режимнинг ҳарбий жиноятлари бўйича маслаҳатлашувларни давом эттирамиз”, деган у.
Маълумот учун, Эрон Ташқи ишлар вазири кеча, 12 октябрь куни Байрутга етиб борган. Вазирни аэропортда ҲАМАС ва “Исломий жиҳод” вакиллари Аҳмад Абдел Ҳодий ва Эҳсон Атая кутиб олган. Шу куни Абдуллоҳиён Бағдодга ҳам бориб, у ерда Ироқ Бош вазири Муҳаммад ал-Суданий билан музокаралар ўтказган. Суҳбат чоғида Абдуллоҳиён Эрон Ғазо секторига гуманитар ёрдам жўнатиш масаласида минтақадаги бир қанча давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни давом эттираётганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ТИВ раҳбари Эрон Исроил ҳаракатлари туфайли янги фронт очиши мумкинлигини қайд этганди. Унинг сўзларига кўра, Ғазо секторига электр ва сув етказиб беришни тўхтатиш уруш жинояти ҳисобланади ва иккинчи фронт очилиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
LiveБарчаси