Эрон Исроилга қарши янги фронт очиши мумкин
Олам
−
13 Октябрь 2023
16656Эрон Исроилга қарши янги фронт очиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийн Байрутга борганида “Al Mayadeen” телевидениесига берган интервьюсида маълум қилди.
“Исроил томонидан фаластинликларга қарши давом этаётган тажовуз ва уруш жиноятлари ҳамда Ғазо блокадаси нуқтаи назаридан, яҳудий давлатига қарши бошқа фронтлар очиш имконияти мавжуд”, дейди вазир.
Унинг айтишича, ислом давлатлари Исроил содир этаётган жиноятларга тоқат қилмаслиги керак. Эрон вазири тинч аҳолини сув ва электр энергиясидан маҳрум қилиш, шунингдек, Ғазонинг турар-жойларини тинимсиз бомбардимон қилишни “уруш жинояти” деб атади.
“Эрон Фаластиннинг қаршилик кўрсатишини сиёсий ва ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватлашда давом этади”, дея қўшимча қилган Абдуллоҳийн.
Унинг таъкидлашича, Эрон ва Саудия Арабистони ўртасида Фаластинни қўллаб-қувватлаш бўйича умумий стратегиянинг бир қисми сифатида келишув мавжуд.
Маълумот учун, Эрон ТИВ раҳбари Дамашққа кетаётиб, Байрутда тўхтаган. Ҳусайн Амир Абдуллоҳийн бугун, 13 октябрь куни у ердан автомобилда тоғ довонидан ўтиб, шоссе бўйлаб Сурия пойтахтига боради. Бунгача Эрон дипломатияси раҳбари Бағдодга ташриф буюриб, у ерда Ироқ Бош вазири Муҳаммад ал-Суданий билан учрашганди. Музокаралар чоғида томонлар Исроил ҳаво ҳужумларини тўхтатиш ва Ғазо секторидаги блокадани бекор қилишни талаб қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Le Beck” Яқин Шарқ маркази экспертлари Исроил бешта фронтда жангга кириши мумкинлигини прогноз қилганди. Кеча, 12 октябрь куни Эрон Президенти Иброҳим Раисий Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқотда Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро ҳудудидаги вазиятни муҳокама қилганди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса Исроилга ташрифи чоғида бошқа давлатлар ёки террорчилар томонидан Исроилга ҳужум қилинган тақдирда, АҚШ уни ҳимоя қилишини айтди.
LiveБарчаси