Венесуэлада ҳарбий сафарбарлик эълон қилинди

Олам

image

Венесуэла Президенти Николас Мадуро 23–24 август кунлари Боливариан кучларига умумхалқ сафарбарликни эълон қилди. Бу ҳақда “Venezolana de Televisión” хабар берди.

Президентнинг таъкидлашича, бу қарор “америкалик империализм”дан келаётган таҳдидларга жавоб ва мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш чораси ҳисобланади.

Мадуро Каракас шаҳридаги Кахигаль обсерваториясидан туриб барча фуқаролар ва захирадаги ҳарбийларни сафга қўшилишга чақирган. Сафарбарлик бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий қисмлар, майдонлар ва халқ мудофааси штабларида ўтказилади.

“Бош қўмондон сифатида мен 23-24 август кунлари барча милиционерлар, захирадаги аскарлар ҳамда олдинга чиқишни истаган барча фуқаролар – эркак ва аёллар рўйхатга олиниши ва сафарбар этилиши лозим, деб ҳисобладим. Биз империализмга қарата таҳдидларингиз етар деймиз”, деган Мадуро.

Ушбу қарор АҚШнинг Венесуэла қирғоқларига ҳарбий кемалар юбориши ҳақидаги хабарлардан кейин қабул қилинди. Вашингтон бу ҳаракатларни Дональд Трамп маъмуриятининг Лотин Америкасидаги наркокартелларга қарши кураш режаси билан изоҳлаган.

“Reuters” манбаларига кўра, Венесуэла томонига USS Gravely, USS Jason Dunham ва USS Sampson кемалари жўнатилган бўлиб, минтақада АҚШ денгиз флоти ва денгиз пиёдаларининг 4 мингга яқин ҳарбий хизматчиси жалб қилинади. Операция бир неча ой давом этиши, халқаро сувлар ва ҳаво ҳудудини қамраб олиши кутилмоқда.

Шунингдек, гуруҳ таркибига P-8 разведка самолётлари, қўшимча жанговар кемалар ва камида битта зарба берувчи сувости кемаси қўшилади. Манбага кўра, бу кучлар нафақат кузатув, балки зарурат туғилганда наркотрафикка қарши аниқ ҳужумлар учун ҳам қўлланиши мумкин. Каракас эса бу қадамларни тажовуз ва миллий хавфсизликка бевосита таҳдид сифатида баҳолаган.

Маълумот учун, 2020 йилда, яъни Дональд Трампнинг биринчи президентлик даврида АҚШ Мадурони наркотерроризм ва мамлакатга кокаин олиб кириш мақсадида фирибгарлар билан тил бириктиришда айблаган. Ўшанда Венесуэла Президентига нисбатан адолат қарор топишига олиб келадиган маълумот учун АҚШ 15 миллион доллар таклиф қилган. 

Қолаверса, 2024 йил 28 июлда Венесуэлада президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатнинг амалдаги Президенти Николас Мадуро ғалаба қозонди ва учинчи муддатга қайта сайланди. Мухолифатга кўра, Эдмундо Гонсалес 70 фоиздан ортиқ овоз тўплаган ҳолда ғалаба қозонди. Мухолифат сайлов участкаларининг 80 фоиздан ортиғининг протоколларини эълон қилди, бу эса Гонсалес сайловда сезиларли фарқ билан ғалаба қозонганини кўрсатди. Мадурони ғолиб деб эълон қилган Миллий сайлов кенгаши эса протоколларни эълон қилмаган.

Кейинчалик АҚШ ҳукумати президентлик сайлови якунлари “Венесуэла халқининг иродасини акс эттирмайди” дея баёнот берди. АҚШда ғолиб сифатида мухолифат етакчиси Эдмундо Гонсалес Уррутия тан олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Молия вазирлиги Николас Мадуронинг ҳибсга олинишига ёрдам берадиган маълумот учун 25 миллион доллар тўлаши ҳақида хабар берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Венесуэла Николас Мадуро ҳарбий сафарбарлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг