“Вазият жуда ёмон”: Николаев мэри аҳолини шаҳарни тарк этишга чақирди 

Олам 15888
image

Украининг Николаев шаҳридаги вазият жуда ёмон. Россия ҳарбийлари ҳудудни ҳар куни ўққа тутмоқда. Аҳоли шаҳарни тарк этиши керак. Бу ҳақда Николаев шаҳри мэри Александр Сенкевич маълум қилди, дея хабар берди маҳаллий нашрлар.

Сенкевичнинг сўзларига кўра, умумий аҳвол жуда ёмон: шу кунгача отишмалар оқибатида 111 киши, жумладан, бири бола ҳалок бўлган. 502 киши яраланган. Яраланганлар орасида 6 нафар бола ҳам бор.

Таъкидланишича, Россия ҳарбийлари деярли ҳар куни шаҳарни турли хил снарядлар билан бомбардимон қилмоқда. 

“Мен ҳаммага шаҳарни тарк этишни тавсия қиламан. Тирик қолишни истаган ҳар бир кишига. Буларнинг ҳаммаси қачон тугашини ҳеч ким билмайди. Бугунги кунга келиб, бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, Николаевнинг урушдан олдин бўлган 480 минг аҳолисидан 230 мингга яқини шаҳарда қолган”, дейди у.

Сенкевич украиналик ҳимоячилар душманни Херьсон ва Қримдан чиқариб юбормагунча, одамларга Николаевга қайтмасликни тавсия қилмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 49
Рейтинг: 3
t
×