Вазирлик “новостройка”даги носоз лифт бўйича муносабат билдирди
3-саҳифа
−
25 Октябрь 2023
6762Аввалроқ Тошкент шаҳридаги “новостройка”лардан бирида ичида одамлари бўлган лифт 9-қаватдан пастга тушиб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ушбу воқеа Mирзо Улуғбек тумани Паркент кўчаси 253-уйнинг 2-кириш йўлагида содир бўлган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, ҳокимлик ҳамда мазкур кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи “Uyut komfort kommunal” бошқарув сервис компанияси вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ ҳолатни воқеа жойига чиққан ҳолда ўрганган.
Унда кўтариш қурилмаси белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги ва фойдаланишга қабул қилинмагани, шунингдек, лифтда тегишли тартибда даврий синов ишлари амалга оширилмагани аниқланган. Мазкур лифтга техник хизмат кўрсатиш бўйича махсус ташкилот билан шартнома тузилмаган ҳамда лифтни соз ҳолатда сақлаш, уни бехатар ишлатиш бўйича жавобгар шахс ҳам тайинланмаган бўлган.
“2020 йилда ишлаб чиқарилган, кўтариш оғирлиги 1000 кг бўлган лифт қурилмасига белгиланган тартибда техник хизмат кўрсатилмаганлиги сабабли шахта кабинаси эшикларининг контактлари бўшаб қолган. Ушбу лифт ҳаракатда вақтида кимдир лифтнинг ташқи эшикларини қўл ёрдамида очишга уринган. Натижада хавфсизлик мосламаси ишга тушган ва лифт ўзини-ўзи тўхтатиш вазифасини бажара бошлаган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ўрганиш давомида лифт тушиб кетмагани, аксинча тегишли хавфсизлик қурилмаси ишга тушган ҳолда тўхтагани аниқланган.
“Ҳозирда тегишли ташкилотлар томонидан лифтдаги камчиликларни бартараф этиш ва воқеа тафсилотларини чуқур ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳодисадан ҳеч ким жабрланмаган”, дейилади Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида 32 ёшли аёл янги қурилган уйларнинг лифтидан жонсиз ҳолатда топилгани жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Бу воқеа ҳатто хорижий нашрларда ҳам муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, мазкур масала юзасидан жиноий иш қўзғатилди.
Жорий йилнинг 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 43-ялпи мажлисида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Ўзбекистонда кўп қаватли уйлардаги лифтлар билан юзага келаётган муаммоларни ўртага ташлади.