Сенатда лифтлар масаласи кўтарилди
Жамият
−
04 Август 2023
5945Бугун, 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 43-ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Ўзбекистонда кўп қаватли уйлардаги лифтлар билан юзага келаётган муаммоларни ўртага ташлади.
У Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйда лифтнинг носозлиги сабаб лифт ичида уч кун қолиб кетиш оқибатида вафот этган 32 ёшли аёл воқеасини мисол тариқасида келтирди.
"Бу ўта фожиалидир. Бу ҳолатни нафақат Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, балки дунё ахборот воситалари ҳам ёритди. Шу сабабли Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Тоғ-кон ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ушбу ҳолатлвр бўйича тушунтириш беришлври керак", деди Қутбиддин Бурхонов.
Шунингдек, у жорий йилнинг 18 июнь куни Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани “Янги Дархон” маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг лифтида юзага келган носозлик оқибатида 11 нафар фуқаро жабр кўрганини ҳам эслатаркан, бу аллақачон ўз ечими топиши керак бўлган муаммо эканини билдирди.
"Қўмитамиз томонидан мамлакатимиздаги лифтларнинг ҳолати ҳамда улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя қилиниши аҳволи ўрганилди.
Натижада бу борада қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлиги аниқланди", деди Бурхонов.
Унинг айтишича, кўп квартирали уйлардаги лифтларнинг техник ҳолати белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг давлат экспертизасидан ўтказилган ҳолда ўрнатилишини назорат қилиш, носоз лифтлардан фойдаланишни тақиқлаш чораларини кўриш каби қатор вазифалар Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси зиммасига юклатилган. Бироқ, бу вазифаларни амалга ошириши учун инспекция зарур ваколатларга ва етарли мутахассисларга эга эмас.
"Мисол учун янги қурилган кўп хонадонли уй-жойларни давлат ҳайъати қабул қилиш комиссияси таркибига инспекция киритилмаган. Оқибатда мутахассисларнинг тегишли хулосаси олинмасдан, яъни лифт қурилмалари белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинмасдан ҳамда хавфсизлик томонидан кўрикдан ўтказилмаган тарзда лифтлар фойдаланишга топширилмоқда", дели Тошкент вилоятидан сайланган сенатор.
Бундан ташқари, у мамлакатдаги янги қурилган кўп хонадонли уйлардаги қарийб 400 га яқин лифт ускуналарида аниқланган камчиликлар бартараф этилмасдан фойдаланиб келинмоқда.
Кўп хонадонли уйларда ўрнатилган лифтларнинг техник ҳолатини назорат қилиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқ функциялар эса амалда иккита давлат органи – ҳам Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, ҳам Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилиши белгиланган.
"Аслида бу икки тузилма ҳам ўз вазифаларини тўлақонли бажара олиш имкониятига эга эмас. Хусусан, мамлакатимиздаги жами 4 мингдан зиёд кўп қаватли уйларда қарийб 11 мингдан ортиқ лифтлар мавжуд. Тегишли меъёрий техник ҳужжатлар талабига мувофиқ улар ҳар ойда техник кўрикдан ва 12 ойда бир мартда тўлиқ техник синовдан ўтказилиши зарур.
Аммо ҳар иккала инспекциянинг ана шу биргина вазифани амалга ошириш учун ҳам моддий-техник, ташкилий ва бошқа имконияти йўқ", дея мавжуд муаммога тўхталди Вурхонов.
Сенаторнинг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 июндаги қарорига асосан 2021-2023 йиллар оралиғида жами 1685 та лифт ускуналари таъмирланиши ва янгисига алмаштирилиши режалаштирилган. 2023 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра эса 1222 та лифт таъмирланган ва янгисига алмаштирилган.
"Мутасаддилар томонидан олинган маълумотга кўра, қолган 463 тасини белгиланган муддатда таъмирлаш ёки алмаштириш эса турли сабабларга кўра (2020 йилдаги нархлар билан бугунги кундаги нархлар орасидаги фарқ сабабли) шубҳа остида қолмоқда", деди сенатор.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15